Тошкентда тиғиз вақтларда айрим юк машиналар ҳаракати чекланади

Шунингдек, 2030 йилга қадар марказий шаҳарларда "ЕВРО – 5" ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган машиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.

Жамият
23 февраль, 9:34
Тошкентда тиғиз вақтларда айрим юк машиналар ҳаракати чекланади

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди. 

Мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида:

а) 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

- ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади;

- ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади;

- Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқлансин. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмаслиги белгиланади;

б) 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида "ЕВРО – 5" ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.

Мазкур банднинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун масъуллар этиб тегишинча Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (А.Абдухакимов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ва Транспорт вазирлиги (И.Махкамов) белгиланди.

27. Кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган "Автомобилсиз кун" жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланмоқда.

Бунда, биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиб боради. 

Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида:

2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини, қаламчаларини экиш, республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш назарда тутилмоқда;

2024 йил 1 мартга қадар сув каналларини реконструкция қилиш ишларига Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 миллиард сўм маблағлар доирасида камида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунлаш чоралари кўрилади.

2024 йил апрелга қадар “яшил энергия” сертификатлари айланмаси бозор тамойиллари асосида йўлга қўйилиши таъминланади;

халқаро иссиқхона гази савдоси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тасдиқланади;

б) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) ва маълумотлар базаси босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланмоқда;

в) 2024 йил якунига қадар хорижий инвесторлар иштирокида Тошкент, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 2 700 МВт бўлган 6 та йирик қуёш электр станцияларини ишга тушириш таъминланади.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+