Қамоқхона чопарлари: почта хизмати. 6-мақола
Зоналардаги контрабанда, ҳар хил буюртмаларни олиб кириш ва чиқиш ва бошқалар ҳақида.
Инсон ҳамма нарсага кўникади. Агар хўрлашмаса, қонунсизлик ва адолатсизликдан жабр чекмаса, ҳатто қамоқхонага ҳам кўникиб қолади. Бироқ қариндош ва яқинларидан узоқлиги, улар билан мулоқот чекланганидан барибир изтироб чекади. Бир ҳисобдан, озодликдан маҳрум этишнинг моҳияти ҳам шунда: маҳкумни жамиятдан иҳота қилиш, уни яқинлари билан алоқаларини чеклаган ҳолда жазолаш, қилмишидан пушаймонлик ҳис қилиши ва жиноят йўлига бошқа қайтмаслигини таъминлашга ва тарбиялашга уринишдан иборат. Гарчи тарбиялаш сўзи бу ерда бироз ўринсиз бўлса-да. Сабаби, баъзи ўғрилар қамоқхоналарни тарбия макони эмас, “ўғрилар академияси” ёки “курорт” деб аташади. Бу ерда ҳақиқий жиноятчилар “малака” ошириб, “касбий” фаолиятлари учун керакли таниш-билишларини кўпайтириш имкониятига эга бўлишади.
Норасмий мулоқотга эҳтиёж сабаблари
Тўғри, ҳозирги қамоқхоналар аввалги зиндонлар каби қариндош ва дўстлардан бутунлай узиб ташлашни назарда тутмайди. Маҳбуснинг жинояти ва у жазо ўтаётган маскандаги ички тартибдан келиб чиққан ҳолда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қисқа ва узоқ муддатли учрашувлар, хат ёзишмалари ва телефон сўзлашувлари, яқинлари олиб келган истеъмол товарлари – “передача”ни олиш каби имкониятлар яратилган, албатта. Фақат маҳкум ёки маҳбус қамоқхона қоидаларини бузган ҳолларда бундай мулоқотлардан маҳрум этилиши мумкин. Қолаверса, қонунчиликка мувофиқ ҳолатларда ёзишмалар ва сўзлашувлар “цензор” ва назоратчилар томонидан ўқилиши, ҳамма маҳсулотлар ҳам назорат постидан ўтказилмаслиги гумонланувчи ва маҳбусларга ёқмайди. Ноқонуний товарлар (сим-карта, телефон, тақиқланган моддалар, ўткир тиғли буюмлар ва арқон, сим каби нарсалар) эса умуман ўтказилмайди. Рухсат берилган маҳсулотларнинг сони ва ҳажми ҳам чекланган.
Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола
Бунинг устига, тергов изоляторларида ўтирган маҳбусларда бундай имкониятлар деярли йўқ. Айниқса, айрим ноқонуний ҳолларда тергов остидаги шахсга кучли руҳий босим ўтказиш, қўрқитиш, алдаб бўлса-да, иқрорнома ёздириб олиш мақсадида дастлабки 10-20 кунда унинг олдига ҳатто адвокати ҳам киритилмаслиги ҳолатлари учраган.
Кўрсатмаларни мувофиқлаштириш мақсади
Хуфёна тарзда хабарлашув ва маҳсулот ўтказишга эҳтиёж тергов изоляторидаёқ бошланади. Бирор жиноят иши юзасидан бир неча киши ушланган ёки қамоққа олинган бўлса, уларнинг дастлабки суриштирув ва тергов чоғидаги берадиган кўрсатмалари бир хил чиқмаса, терговчида уларнинг ростлигига шубҳа уйғониши мумкин. Шу боис тергов остидаги гувоҳ ва гумонланувчилар кўрсатмаларини ўзаро мувофиқлаштириб, келишиб олишга муҳтож бўлишади. Телефон ёки хат, ёки бирор воситачи орқали буни амалга ошириш мушкул.
Криминал оламни бошқариш мақсади
Кейинги ноқонуний зарурият эса зонадаги “қонундаги ўғри”ларнинг озодликдаги “блатной”лар ва бошқа маҳбусларни бошқариш учун буйруқ ва тавсиялар – “прогон” чиқариши билан боғлиқ. Табиийки, бундай мазмундаги, айтайлик, норозилик, саботаж ва “бунт” кўтаришга чақириқлар акс этган бундай хатлар расмий ва қонуний йўл билан умуман ўтказилмайди.
Шикоят ва аризалар жўнатиш мақсади
Яна бир зарурият эса ўзини сиёсий сабабларга кўра қамалганини ёки ушлаб турилгани – терговга тортилганидан норози бўлган шахслар инсон ҳуқуқлари бўйича турли халқаро ташкилотларга мурожаат ва ариза топширишга уринади. Бу хатларнинг ҳам адресатга етиб бориш эҳтимоли деярли йўқлиги боис бошқа самарали йўл ва усулларни ўйлаб топишга тўғри келади.
Қамоқхона почтаси турлари
Шу боис маҳбусларнинг ўзлари изолятор ва қамоқхоналарда ҳам ташқи олам ва ички алоқа учун турли воситаларни ўйлаб топишган. Гарчи бундай тақиқланган алоқаларнинг олдини олиш ва айбдорларни жазолаш кўзда тутилган бўлса-да, бир неча йиллардан бери бундай усуллар мавжуд ва аксарият ҳолларда улардан муваффақият билан фойдаланиб келинмоқда.
Қамоқхона “почтаси”ни жаргонда “зона телеграфи”, “от ёки тулпор” деб ҳам аташади. Лекин аксарият ҳолларда “йўллар” дейишади.
Зонада “Йўл, ўйин, обшак – қора зони устунлари”, “Йўл бўлмаса – ҳаёт йўқ”, “Йўл – бу муқаддас” каби мақоллар тўқилган.
“Йўллар”нинг бир неча турлари бор:
Жиноят оламидаги табақалар. 2-мақола
“Оёқ” билан. Қамоқхонада назоратчилар ёки иши юзасидан қамоқхона ичида нисбатан эркин ҳаракатланиб юрувчи шахслар ёрдамидан фойдаланилади. Улар маълум ҳақ эвазига маҳбусларга исталган буюм ёки хатларни етказиб беришади. Бундай имкониятга эга шахсларга ҳеч қандай маҳбус зарар қила олмайди. Уларни орзиқиб кутишади. Ҳатто улар тегиб бўлмайдиган ва гаплашиш мумкин бўлмаган паст каста – “опушенний” ёки “обиженний”ларга мансуб эса-да, улар билан бемалол саломлашиб, гаплашиб, олди-берди қилишади. Ўғри қонунларининг номуттасиллиги ва мантиқсизлиги шу каби мисолларда ҳам намоён бўлади.
Албатта, энг қулай, аммо чиқимдор усул – қамоқхона назоратчилари ва амалдорларининг оғзини мойлаб, пулга сотиб олиб ишлатишдир. Агар назоратчиларни сотиб олишнинг иложи бўлмаса, товламачилик йўлига ўтилади. Зоналарда махсус маҳбуслар жазони ижро этиш муассасаси ходимларининг обрўсини тўкиши мумкин бўлган фактлар – “компромат”ларни йиғишади. Ёки уларга пора бериб, фоҳишалар ёки гейлар билан бирга атайлаб учрашувлар уюштириб, “жараённи хуфёна видеога олишади (ҳозир бу усулни ҳамма билиб қолгани боис самарасиз). Ёки шахсий ва оилавий ҳаётдаги бирор нозик сирларини билиб олиб, тарқатиш билан таҳдид қилишади. Бундай компроматлар воситасида керакли одамлар шантаж қилинади, махсус шарт ва топшириқларни бажаришга мажбурланади. Криминал олам етакчилари зоналардаги хуфёна агентура тармоқлари ёрдамида кўпгина ишларни амалга оширади. Ҳатто айрим ҳолатларда назоратчи ва бошлиқларнинг хоналарига махфий эшитиш қурилмаларини ташлаб қўйиб (фаррош ва бошқа хизматчилар орқали) уларнинг суҳбати ва телефон сўзлашувларни эшитиш ҳолатлари ҳам учраган. Шунингдек, телефон симларига уланиб, бошқа шаҳарлар билан бемалол гаплашишган.
“Этап” орқали. Маълумки, маҳбус бутун жазони ижро этиш давомида битта жойда қолмайди. Маълум тартиб ва сабабларга кўра уни бошқа зоналарга ёки изоляторларга ҳам жўнатишади. Зэклар мана шу “этапчи”лар орқали ҳам бошқа зоналарга “юк”лар жўнатишади.
Албатта, маҳбусларни йўлга чиқиш олдидан, йўлда ва манзилга етиб боргач, астойдил тинтишларини ҳамма яхши билади. Шу боис жўнатмани кийимлар, пойафзал, шахсий ва гигиена буюмлари ва ҳоказолар орасига сездирмасдан жойлашга ҳаракат қилишади. Йўқотилмаслиги керак бўлган қимматли “юк”лар эса герметик ғилофга (кўпинча резина буюмларга) ихчам қилиб ўралади ва уни маҳбус ютиб юборади. Бундай “ўқланган” курьер маҳбуслар этап давомида овқат емайди ва кам сув ичади. Соқчилар бундай усулни яхши билишади ва овқат емай қўйган зэкларга алоҳида эътибор қаратишади. Улар учун синчковлик билан ва ечинтирган ҳолда тинтувлар ўтказишади.
Жиноят оламидаги табақалар. 3-мақола
Ип “йўллар” – “ҳаво” орқали
“Ҳаво йўли” – бу дераза орқали девор сиртидан тортилган ингичка арқонлар тармоғидир. Кийимлардан, айниқса, жун калавадан тўқилган свитер ва пайпоқлардан ситиб олиб, узун арқон қилишади. Кейин эса шу арқонлар орқали қопчаларда ёки пайпоқда ҳамда газетадан ясалган ва нон елим ёрдамида ёпиштирилган қувурчаларни ёнбош, паст ва тепа қаватдаги камераларга (баъзан бошқа биноларга) тортиб ўтказишади. Айрим қамоқхоналарда камераларнинг жойлашувини чизиб (“глобус”), у орқали керакли буюм ва хатларни етказадиган мутахассис маҳбуслар ҳам бўлади. Баъзи қамоқхоналарда эса навбатчилик асосида туни билан ухламасдан почтачилик қилишади. Бундай одамларни “йўлчи” деб аташади.
Албатта, нозирлар ва ички ишлар ходимлари мунтазам бундай йўлларни қидириб-топиб, узиб, йўқ қилиб ташлайди. Аммо “йўл”ларни тез тиклаб олишади. Агар нозирлар сотиб олинган бўлса, кўриб-кўрмаганга олишади.
“Йўл” тортилмаган камераларни “бўш хата” деб аташади. Одатда бундай камераларда паст мастга оид маҳбуслар ўтиришади. “Йўллар” орқали хат – “малява”, спиртли ва тамаки маҳсулотлари, чой, шакар, конфетлар, телефон, қувватлагич, сим-карта, пул, наркотик ва бошқа маҳсулотлар ўтказилади.
“Малява”лар баъзан очиқ, баъзан шифрлаб ёзилади. Масалан, ҳарфлар тартибсиз ёзилган бўлади. Аммо ҳар бир сўзнинг, айтайлик, фақат тўртинчи ёки бешинчи ҳарфларини олиб, ўқисангиз маъноси келиб чиқади.
Ёки қоғоздан панжара каби тешилган махсус трафаретлардан фойдаланишади. Турли ҳарфлар туширилган қоғоз устида ушбу трафарет қўйилса, кераксиз ҳарфлар ёпилиб, фақат кўриниб турган ҳарф ва сўзларни ўқиш мумкин бўлади. Ёки айрим ҳолларда махсус кимёвий модда билан бирор безарар хат ёки сурат устига ёзилади. Бир пас туриб ёзув ғойиб бўлади. Кейин уни қиздириш ёки бошқа кимёвий модда суртиш билан ёзувлари яна очилади.
Айланишга ёки ишга чиққан маҳбуслар деворларда тушунарсиз белгилар қолдиради. Бу ёзувлар орқали қачон ва қандай алоқага чиқиш усуллари хабар қилинади.
“Йўллар” орқали товар ёки хат жўнатишдан олдин “йўлчилар” девор ёки қувурларни Морзе алифбосига ўхшаш, аммо бошқача услубдаги тақиллатиш орқали бир-бирларига хабар беришади. Буни жаргонда “турма алифбоси” дейишади.
Татуларнинг турлари ва маънолари. 4-мақола
Айрим қамоқхоналарда бу каби “ҳаво йўл”ларини кўриб кўрмаганга олишади. Чунки улар йўқ қилинса, маҳбуслар иложсизликдан девор ёки шифтни тешишлари мумкин.
Девор орқали – кабура билан. Айрим ҳолларда (нозирларга сезилмаслиги учун) каравот – шконка остидан (ён камера учун), ёки ердан (пастдаги камерага) ва шифтда (тепадаги камерага) тешиклар очилади.
Маълумки, қамоқхонага турли метал ускуна, пичоқ, арқон ва симларни киритиш тақиқланган. Лекин маҳбуслар улар қўлларида бор материаллардан – баклажка, кийим, дастрўмол, ёпинчиқ, нон, сув, совун, тиш пастаси, қошиқ, ручка корпуси, бир марталик соқол олиш ускунаси ва ҳоказолардан унумли фойдаланишади. Масалан, девор ёки шифтни тешишда пойабзал пошнасидаги темирча суғуриб олиниб, уни темир кружка билан уриб, ўткирлаб, аррача ёки пичоқча ясалади. Кейин у билан темир каравотдаги қувурсимон жойлари арралаб олинади. Олинган темир қувур ёки арматура билан икки камера ўртасидаги девор тешилади. Бу тешикка мушт сиғса кифоя. Секин-асталик билан ҳарқанча нарсани ўтказиб юборса бўлади.
Бу тешикни нозирлар пайқаб қолишса, уни яна цементлаб, суваб ўтиришмайди. Чунки унинг қуриб, қотишини кутиш керак. Шу боис деворнинг икки тарафидан темир паластина қўйилиб, арматура орқали туташтириб, кавшарлаб ташланади.
Айрим зона афсоналарига кўра, баъзида одам сиғадиган тешиклар ҳам очилган ва улар орқали ҳатто фоҳишаларни ҳам олиб кириш мумкин.
Агар ташқаридан ва деворни тешиб “йўл тортишнинг иложи бўлмаса, икки хатадаги “йўлчи” ҳожатхона унитази ва канализация қувурлари орқали ип ташлаб, сув қуйиб юборилиб, ипларнинг бирига чувалашиб уланишига эришади ва янги йўл очади. Бу усулни жаргонда “сувли йўл” ёки “ҳўл йўл” деб аташади. Тасаввур қилинг, ишлаб турган ахлат қувурлари орқали озиқ-овқат ва хатлар алмашинади. Албатта, улар сув ўтмас қилиб яхшилаб ўралган бўлади. Одатда камера темир эшигидаги туйнук – “кормушка”га “зашквар” – харом нарсаларни қўйишни “западло” ҳисобловчи зэклар ҳожатхона тубидан ана шу тарзда егулик олиб ўтишга мажбур бўлишади баъзан.
Газета ва целлофан қопчаларга ўралган почта жўнатмаларининг устига қайси хатадан экани ва қайси хата учун мўлжаллангани, шахсий ёки ҳамма учун мўлжаллангани ёзиб қўйилади.
Агар “хата”лар деразаси кўчага қараган бўлса, ташқаридан “юк” отишади. Кўпинча “юк”лар “промзона” – “работяга” мужиклар ишлайдиган ҳудудга отилади. Бунинг учун палахмонлардан фойдаланишади. Палахмон учига буюмни қўйиб, яхшилаб айлантириб ичкарига отилади. Аммо озодликдаги жўнатма отувчи шерикларга ҳам қийин. Баъзан тунда милиция ходимлари уларни пойлаб, ушлаб олади ва ўласи қилиб калтаклайди ёки маъмурий, агар ёнларидан ноқонуний буюмлар – қурол ёки наркотик модда топилса, жиноий иш очишади.
Агар ташқарига чилвир ташлаш ёки “малява”ларни ташқарига узоқроққа отиш учун шалвар ёки ич кийимдан ситратиб олинган резинкани дераза панжарасига боғлаб, ҳосил бўлган “рогатка” орқали отишади. Бу усулда бемалол 50-60 метр масофага етказса бўлади. Кейин ташқаридаги шериклари ипнинг нариги учини ушлаб олиб, керакли юкни боғлаб, ипни бир силтаб қўйиб, ишора беришади. Хатадагилар уни ичкарига тортиб олишади.
Қамоқхона сўзлашув тили – жаргон. 5-мақола
Баъзан бўш пластмасса идишлар – “баклажка”лар ёки қоғозларни ўраб қувурлар ясалади. Ёки кундузги ёруғлик лампаси шифтдан ечиб олиниб, унинг икки чети ва ичи олиб ташланади ва шиша қувурга айлантирилади. Қувурнинг учига хат ёки ип тугунини ўрнатиб, бор нафас билан тепага ёки ташқарига карнайдан пуфлагандек пуфлаб отишади. Нариги тарафдаги маҳбус ёки озодликдаги шерик уни тутиб олиб, жўнатмани боғлайди. Маҳбуслар ипни қайта тортиб олишади. Ёки айрим ҳолларда камон ясаб, “юклар” ёки ип учини камон ўқига боғлаб отишади.
“Йўллар” орқали нафақат егулик ўтади...
“Йўллар”дан исталган нарсани олиб ўтиш мумкин. Масалан, Россиядаги айрим оғир режимли қамоқхоналарда ётган маҳбус аёллар бола туғишни исташади. Бу аёл атрофдаги эркак нозир ёки бошқа эркак маҳбуслар билан ноқонуний учрашишнинг имконини қидиради. Бу йўл билан ёки табиий йўл билан ҳомиладор бўлиш маҳбусларга фойда келтиради: ҳомиладор маҳбусларнинг жазо муддати камайтирилиши, амнистияга тушиши, ёки муддатидан олдин озод қилиниши мумкин. Шунингдек, ҳомиладор маҳбусни жазони давом этириши учун умумий режимдаги колония ёки манзил колонияга жўнатишлари мумкин.
Агар бу маҳбус туғса, уни боласи билан бирга “Она ва бола уйи” мавжуд умумий режимдаги колонияга жўнатишади. Бола уч ёшга тўлгач, уни болалар етимхонасига ёки қариндошлари қўлига тарбиялашлари учун жўнатишади. Онаси эса енгилроқ режимдаги колонияга “этап” қилинади.
Ҳатто Исроил қамоқхоналарида ётган фаластинликлар ҳам шу йўлдан фойдаланишар экан. Маълумки, шафқатсиз ва қонхўр яҳудий аскарлари фаластинлик маҳбусларга хотинлари билан учрашувга рухсат бермайди. Ёки хотинлари чегаралар аро ўтиб бора олишмайди. Учрашган тақдирда ҳам 10 дақиқадан кўп вақт берилмайди. Шунингдек, эр ва хотиннинг бир-бирига яқинлашишларига йўл қўйишмайди. Шу боис фаластинлик маҳбуслар хуфёна йўллар билан хотинлари клиникага бориб, сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказишган.
Креативлик қамоқда ҳам зарур
Маълум бўладики, маҳбуслар ўз ишларини битириш учун турли ғоя ва йўлларни ўйлаб топишади.
Қамоқхонадан чиқариладиган хатларнинг нозирлар томонидан ўқилиши ҳақида латифалар ҳам пайдо бўлган. Айтишларича, бир аёлнинг ёлғиз, уйланмаган ўғли қамалиб қолади. Ўғлини кўргани келган она, баҳор келгани, экин учун томорқани шудгор қилиш ёки чопишга қийналаётганини айтиб нолийди. “Майли онажон, хафа бўлманг, бир йўлини топармиз” дея уни юпатади ўғил.
Онаси кетгач, ёш маҳбус онасига хат ёзади. “Она, пулдан қийналган бўлсангиз, томорқамизга ярим метр чуқурликда тиллалар кўмиб қўйганман. Ўшани кавлаб олиб, танишлар орқали сотиб ишлатинг”, деб ёзади хатида. Орадан бир ҳафта ўтиб, онасидан хат келади. “Ўғлим, томорқадан хавотир олма. Уйимизга бир машина мелисалар келишди. Мендан сўраб ҳам ўтирмасдан, бир пасда томорқамизнинг ҳамма жойини чуқур қилиб кавлаб, тупроқларини майин қилиб шудгорлаб кетишди. Барака топишсин илоҳим”.
Ёки яна бир латифада айтилишича, бир қамоқхонада нозирлар жуда шафқатсиз бўлишган, маҳбусларни қийнаш ва калтаклашни ўзларига одат қилиб олишган экан. Фақат бир маҳбусга тегишмас экан. Унга имкон қадар ёрдам беришар экан. Қолган маҳбуслар бундан ажабланиб, ҳеч ким тегмайдиган маҳбусдан бунинг сирини сўрашибди. “Бунинг сири йўқ, – дебди маҳбус, – шунчаки сизлар уйга хат ёзсанглар, бу едаги шароитлардан нолиб, шикоят қилиб хат ёзасизлар. Мен эса нозирларни мақтайман. Жуда меҳрибон ва одил нозирлар деб ёзаман”.
Ташқи дунёга хабар чиқаришнинг бошқа усуллари ҳам қўлланилади. Масалан, тергов изоляторида барча ёзув ва қоғозлари текшириладиган, доимий ва тўла тинтув қўлланилиб, суткасига 24 соат видеокузатув камераси назоратида турган бир гумонланувчи журналистга ўз адвокати билан учрашуви учун 10 дақиқадан кўп вақт берилмаган. Учрашув пайтида ҳам нозирлар улар бир-бирига қоғоз ёки бошқа нарсалар бермаслигини кузатиб туришган. Шу боис гумонланувчи газета учун ёзган мақоласини камерага тескари қараган ҳолда, ручка пастасига сезилмайдиган шаклда ўраган. Адвокат билан учрашув пайтида иккови ҳам бир хил ручкаларни столга қўйишган ва гўёки қизғин баҳслашган каби қўлларини силкитиб баҳслашишган. Нозирларнинг чалғиганидан фойдаланган адвокат уларнинг кўзини шамғалат қилиб, гумонланувчининг ручкасини ўзи билан олиб кетган. Кейин дарров ручка пастасига ўралган мақолани газетага етказган.
Бугунги воқелик
Албатта, юқоридаги усуллар эски даврларга хос. Ҳозирги даврга келиб маҳбуслар янги технологиялар ва шахсий курьер хизматларидан ҳам фаол фойдаланишмоқда. “Хата”ларда ҳозир ноқонуний олиб кирилган телефон, планшет ва ноутбуклар ҳам мавжуд. (Телефон, компютер ва интернет – зонадаги ноқонуний бизнеслар учун керак. Бу ҳақда шу туркумдаги кейинги мақолаларда ўқишингиз мумкин – муал.) Шунингдек, хаталарга ташқаридан “юк” киритишда квадрокоптер ва дронлардан ҳам фойдаланишмоқда.
Зона авторитетлари энди қийналмасдан телефон ва интернет орқали бемалол ўз жиноий ва шахсий ишларини амалга оширишмоқда. Масалан, қайсидир маҳбусларни жазолаш, паст “маст”га ўтказиш, айрим блатнойларга тож кийдириб, “қонундаги ўғри” мақомини бериш, яқин замонлардан эса турли жиноий бизнесларни бошқаришни ҳам телефон воситасида уддасидан чиқишмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.