Уй-жой қуриб бериш ваъдаси билан фуқароларни 27 млрд. сўмга алдаганлар аниқланди
Ушбу маблағларнинг бир қисми хориж биржасига тикиб юборилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва "Ўзбекистон 24" телеканали ҳамкорлигида тайёрланган кўрсатувда маълум қилинишича, уй-жой қуриб бериш ваъдаси билан 27 миллиард сўмни ўзлаштирганлар аниқланди.
Жорий йилнинг январ ойида Департамент тезкор қидирув ишлари давомида “Arkenstone” ва “VescoCottage” МЧЖлар турар жойлар қуриб сотиш билан фуқароларни алдаб, миллиардлаб пулларни ўзлаштиргани аниқланган.
Ушбу МЧЖ раҳбарлари ижтимоий тармоқларда эълон бериб, аҳолига коттеж уйларни қуриб беришни таклиф этган ва кечиктириб тўлаш имкони борлигини айтиб, харидорларни жалб этганлар.
Амалда эса уларга уй-жой қуриш учун ҳеч қандай ер ажратилмаган.
Натижада улар 2022-2023 йил давомида фуқаролардан 125 миллион сўмдан бошланғич тўлов сифатида олиб, жами 27 миллиард сўмни ўзлаштирганлар. Департамент кўрган чоралар натижасида МЧЖлар ҳисоб рақамига тегишли 823 млн. смў маблағнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилди.
Олиб борилган текширувларда маълум бўлишича, МЧЖларни ташкил этган фуқаро Маҳаматов жуда кўп миқдорда хорижий валютани хорижаги шубҳали ҳисоб рақамга ўтказган ва биржага тикиб юборган. Олиб борилган ҳаракатлар натижасида биржага тикилган 625 минг АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилди.
Ҳозирда Маҳаматов ва бошқаларга Жиноят Кодексининг 168 ва 243-моддалари билан иш қўзғатилган.
Телеграмда кузатиб боринг!