Шоир Маҳтумқулига бағишланган бадиий филм суратга олинади
Филмни суратга олишда Туркманистон билан ҳамкорлик қилинади.
Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорликда бадиий филим суратга олади. Президентнинг "Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
Унга кўра, Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
2. Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмитага (А.Н. Арипов) икки ҳафта муддатда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш топширилди.
Чора-тадбирлар дастурида:
Махтумқули Фироғийнинг “Танланган асарлар”и ҳамда унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм яратиш;
шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштириш;
ёш хонандалар ўртасида “Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси” республика танловини ўтказиш;
Бадиий академиянинг марказий кўргазмалар залида ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик алоқаларини тараннум этувчи тасвирий санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш;
Хива шаҳрида Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
2024 йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилмоқда.
Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.