Ким Чен Ин "Жанубий Кореяни босиб олиш"га тайёрлигини билдирди
Мазкур қарор фавқулодда ҳолат юзага келгандагина қабул қилинади.
КХДР Корея Республикасини ўзининг доимий асосий душмани деб ҳисоблади ва ўз хавфсизлиги учун уни босиб олишга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин баёнот берди, деб хабар қилади Корея марказий ахборот агентлиги.
“Яқинда партиямиз ва ҳукуматимиз халқимизнинг бўлиниши ва қарама-қаршилиги тарихини сарҳисоб қилди”, деган Ким Чен Ин.
У “Жанубий Корея қўғирчоқлари”ни мамлакатнинг доимий асосий душмани деб атади. Шимолий Корея раҳбарининг сўзларига кўра, уларнинг ҳудудини босиб олиш қарори фавқулодда вазият юзага келганда қабул қилинади.
Феврал ойи бошида Ким Чен Ин КХДР ҳарбий-денгиз кучларини урушга тайёрланишга ва мамлакат денгиз суверенитетини ҳимоя қилишга чақирган эди.
Шунингдек, январ ойида КХДР Жанубий Кореяга қарата юзлаб снарядлар отганди. Ушбу снарядлар денгизга қулаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳар икки корейс давлати расман бир-бирини тан олмайди ва ўзини ягона Корея давлатининг давомчиси деб билади.