Ким Чен Ин жосуслик сунъий йўлдошини кўздан кечирди
КХДР раҳбариятининг айтишича, мазкур разведка сунъий йўлдоши мамлакат ҳарбий қудратини модернизация қилиш ва ривожлантириш режасининг асосий қисми ҳисобланади.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакатнинг илк ҳарбий жосуслик сунъий йўлдошини кўздан кечириб, давлат ОAВлари “келажакдаги ҳаракатлар режаси” деб атаётган чора-тадбирлар режасига старт берди.
Корея давлат марказий ахборот агентлиги (КCНA) хабарига кўра, Ким сешанба куни сунъий йўлдошни кўришдан олдин уни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи қўмита аъзолари билан учрашган.
Кимнинг айтишича, ҳарбий разведка сунъий йўлдошининг муваффақиятли учирилиши "мамлакатда ҳукм сураётган хавфсизлик муҳитининг шошилинч талаби"дир.
КCНA сунъий йўлдош қачон фазога чиқарилиши ҳақида тафсилотлар бермаган.
Шимолий Корея раҳбари ўтган ойда сунъий йўлдош қурилиши якунлангани ҳақида баёнот берганди.
Бу баёнот Пхенян қаттиқ ёқилғида ишлайдиган қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказганидан бир ҳафта ўтгач пайдо бўлди ва бу унинг тақиқланган қуролланиш дастурларининг муҳим ютуғидир.
Сешанба куни “қўмита иши билан батафсил танишиб чиққандан сўнг, (Ким Чен Ин) илк ҳарбий разведка сунъий йўлдошини кўздан кечирди, у якуний умумий комиссия текшируви ва космик муҳит синовидан ўтгандан сўнг учиришга тайёр”, — дея хабар берган КCНA.
Ҳарбий разведка сунъий йўлдоши Кимнинг 2021 йилга мўлжалланган режасида мамлакатнинг ҳарбий қудратини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича белгиланган асосий мудофаа лойиҳаларидан бири эди.
2022 йил декабр ойида Шимолий Корея жосуслик сунъий йўлдошини яратиш бўйича “муҳим якуний синов” ўтказганини ва у жорий йилнинг апрелида якунланишини билдирган эди.
Лекин айни пайтда Жанубий Кореядаги экспертлар бу лойиҳа натижаларига шубҳа билдирган, Шимолий Корея томонидан эълон қилинган, гўёки сунъий йўлдошдан олинган оқ-қора тасвирларнинг сифати ёмон эканини айтишган.
AҚШдаги “38 North” Шимолий Кореяни мониторинг қилиш лойиҳаси шу ҳафта бошида олинган сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, Шимолий Кореянинг “Сохэ Ғарбий синов полигони” ҳудудида деярли 6 ойлик танаффусдан кейин яна ҳаракатлар қайта бошланганини қайд этган.
Бироқ, у сунъий йўлдошни учириш учун ҳали кўп ишлар амалга ошириш зарурлигини айтган.
Шимолий Корея ўз қуролланиш дастурини кенгайтираётган бир шароитда, АҚШ ва Жанубий Корея замонавий “кўринмас” самолётлар ва бомбардимончилар иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар уюштирган ҳолда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликларини кенгайтиришмоқда.
Шимолий Корея бу каби машғулотларни уни босиб олиш мақсадида уюштириляпти, деб ҳисоблайди ва ўзини ҳимоя қилиш учун қуролланиш дастури зарурлигини айтади.