platina.uz

Қамоқхона сўзлашув тили – жаргон. 5-мақола

Зонада овқатланиб турган маҳбусга “ёқимли иштаҳа” дейилмайди. Чунки қамоқхоналарда бериладиган овқат иштаҳа билан ейиладиган овқат бўлмаган ҳеч қачон. “Ёқимли иштаҳа” дейиш масхара қилишга ўхшаб қолади.

Таҳлил
8 февраль, 21:46
Қамоқхона сўзлашув тили – жаргон. 5-мақола

Қамоқхона – ҳаёт ичидаги кичик ҳаёт ҳисобланади. Огоҳлантирувчи электроқўнғироқ биғиллаб товуш бергач, темир дарвоза ва панжаралар шарақ-шуруқ очилиб, сизни янги ҳаётга ўтказади ва ортингиздан маҳкам ёпилади. Энди сиз мутлақо бошқа оламдасиз. Энди эркингиз бошқалар қўлида. Қачон, қанча ва қандай ҳаракат қилишингизни энди бошқалар ҳал қилади.

Думалоқ қилиб ўралган кўрпа-тўшакни қучоқлаб кўтарган ҳолда, соқчилар ҳамроҳлигида торгина йўлак бўйлаб секин одим отиб борасиз. Оёқлар истар-истамас ерга босилади. Мабодо терговда ёки изоляторда қийноққа солишган бўлса, ҳамон симиллаб турган оғриқлар ҳам бу пайтдаги хавотир ҳислари олдида ўтмаслашиб, сезилмай қолади. Сизни кутаётган номаълумликдан увушган юрагингиз дунёга сиғмас даражада сиқилади. Нега бу ерга келдим, нега айнан мен шу аҳволга тушиб қолдим, қаерда хато қилдим, деган хаёлдан миянгиз карахт бўлиб, атрофга маъносиз аланглайсиз. “Бирор тешик бўлса-ю, имкон топиб, қочиб кетсам, қанотим бўлса-ю, учиб кетсам”, деган бефойда фикрлар хаёлингизга келади.

Бироқ соқчининг “тўхта, деворга ўгирилиб тур, юрамиз”, деган қисқа, аммо қатъий буйруқларини эшитмай қолмаслик учун қулоғингиз динг бўлади.

Соқчи сизни камерага туртиб киргизгач, эшикни ёпиб чиқиб кетади. Энди кўзингизга шу соқчи ҳам қадрдон кўриниб қолади. “Бўш жойни эгаллаб, жойлашиб ол” деганча сизни номаълум дунё билан ёлғиз қолдириб кетаётганидан ўкинч ҳис қиласиз.

Янги олам – янги тил

Энг аянчлиси, қамоқхонада тилингиз ҳам эркин эмас – кимга, нимани ва қандай гапиришни бошқалар белгилаган қоидаларга мослаштирасиз.

Бу камерага қадам босган заҳотингиз билинади.

Овқат, тер, пайпоқ, ҳожатхона ва яна алланималар омухта бўлган қўланса ҳид димоғингизга урилиб, нима дейишни, нима деб саломлашишни унутиб қўясиз. Қулоғингизга чалинган, танишлардан эшитган ва қаердадир ўқиган ваҳималар, турли миш-мишлару, афсона ва стереотиплар орасидан керак гапни қидирасиз. Қамоқхонанинг кунда-шундалари учун бу қийин эмас, аммо “первоходка” – биринчи марта қамалган одам дафъатан қимтиниб қолиши табиий.

Бундай пайтда энг яхшиси, шунчаки салом, дея қадам бошлаш керак. “Салом, мужиклар”, “пацанлар” ёки “братва” дейиш ҳам ярамайди. Чунки бу камерада (жаргонда “хаза” ёки “хата”) кимлар ўтирганини ҳали билмайсиз. Агар блатнойлар ўтирган бўлса, уларни “мужик” дея ҳақорат қилиб, обрўсини пастга урган бўласиз. Шунинг учун аввало бу қандай хата деб сўрашади одатда. Сизга номуносиб “петух” ёки “обиженний”лар хатаси бўлса, улар дарров айтишга мажбур. Бундай ҳолда дарров нозирни чақириб, бошқа камерага ўтказишларини сўрашади.


Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола


Қамоқхона нималигини билган одамлар камерадаги янги ҳамхоналари билан “Вечер в хату” дея саломлашади. Бунинг таржимаси гарчи “Камерангизга хайрли оқшом тилайман” бўлса-да, қамоқхона жаргонида “Хайрли тонг” деган маънони англатади. Чунки маҳбуслар учун нисбатан эркин ҳаёт кечқурун бошланади. Тинтув, тоза ҳавога чиқиш ва нонушта учун, айрим ҳолларда янги маҳбусларни олиб келиш билан безовта қилиб турадиган нозирлар оқшомдан кейин камерага деярли бош суқишмайди. Бемалол тақиқланган нарсалардан (телефон, наркотик, “турма почтаси” ва ҳоказо) очиқ фойдаланиш имконияти туғилади. Шу боис маҳбуслар учун хайрли кеч тилаш яхши тилак ҳисобланади.

Янги кирган одам менинг жойим қаерда деб сўрамайди. Чунки жой (место) сўраса, параша (ҳожатхона) олдидаги койка (шконка)дан жой кўрсатишади. Чунки қамоқхона фолклорида “Жой ҳожатхона олдида бўлади”. (“Место у параши”).

Мабодо бирор нарсани сўрамоқчи бўлсангиз, “сўрамоқ” феълини ишлатмайсиз. Чунки сўраш (спросить) биров айб иш қилганда изоҳ сўраб олиш маъносида ишлатилади. “Сен кимсан мендан сўраб оладиган”, деб ташланиб қолишлари мумкин. Бунинг ўрнига “қизиқмоқ” (интересоваться) феъли ишлатилади. Яъни, “Бир нарса билан қизиқаётгандим” шаклида савол берилади.

Мабодо суҳбатдошингизни хафа қилиб қўйдим, деб ўйласангиз “Хафа бўлдингми” деб сўраш ёки “хафа бўлдим” дейиш ҳам ҳақоратли ҳисобланади. Чунки хафа бўлган одам – “обиженний” ҳисобланади. “Обиженний”лар эса зонада энг паст ва ҳақир каста. Бунинг ўрнига “азият чекмадингми?” (“не огорчал?”) деган шакл қўлланилади.

Шунингдек, “ўтирсам бўладими” ёки “ўтир” деб ҳам сўраш нотўғри. Чунки зонада ҳамма шундоқ ҳам “ўтирибди”. Шу боис “ўтириб тур” (присаживайся) жумласи ишлатилади.

Сизга яхшилик қилишса ёки нимадир беришса, рус тилида “спасибо” демайсиз. Чунки зона жаргонида бу “спаси бог”, яъни эй худо қутқар, деган маънони англатади. Сизга фалончи нарса берсаю, сиз унга миннатдорлик билдириш ўрнига “худо қутқарсин” дейишингиз мантиқсиз. Яна бир версияга кўра, православларга душман бўлган “старовер” насронийлари “спаси бог” сўзи охирида “г” ҳарфи тушиб қолган, бу нотўғри сўз дейишади.

Шу боис, ўғриларнинг тушунчалари ва жаргонига кўра, «благодарю» «благодарствую» (миннатдорлик билдираман), «от души», «душевно», «в душу» (чин юракдан, самимий) сўзлари ишлатилади.

Зона ҳаётига бироз мослашиб олганингизда тўсатдан тинтув (жаргонда “шмон”) ўтказилади. Айрим талқинларга кўра, “шмон” сўзи Шарқий Европа яҳудийлари тили бўлмиш “идиш” (қадимий иврит ва немис тиллари аралашмаси) тилида “саккиз” рақамини англатади. Чор Россияси даврида қамоқхоналарда ҳар куни соат саккизда камераларда тинтув ўтказилган. Шу тариқа “соат саккизда ўтказиладиган тинтув” ўрнига “шмон” сўзи ишлатилган.


Жиноят оламидаги табақалар. 2-мақола


Шунингдек, "пожалуйста" (марҳамат) сўзи ҳам номақбул. Чунки бу сўз ўзагида ўғрилар “понятие”ларига кўра, "жалоба", "жаловаться" (шикоят, шикоят қилиш) маънолари ётадики, бу ҳам зонада яхши иш ҳисобланмайди.

Зонада овқатланиб турган маҳбусга “ёқимли иштаҳа” ҳам дейилмайди. Чунки рус-совет-постсовет қамоқхоналарида бериладиган овқат иштаҳа билан ейиладиган овқат бўлмаган ҳеч қачон. “Ёқимли иштаҳа” дейиш масхара қилишга ўхшаб қолади. Айтганча, зона жаргонида овқат - "баланда", камера темир эшигидаги овқат узатиладиган тор дарча - "кормушка", деб аталади. Маҳбуслар кормушкани "онам" дейди ҳатто.

Айрим зоналарда “ишлар қалай” дейилмайди. Чунки (жиноят) ишлари прокурорда бўлади. Шунингдек, “исботлаб бермоқ” (доказать) ҳам прокурорга тегишли атама бўлгани боис, унинг ўрнига асослаб (ёки келтириб) бер (обосновать) сўзи ишлатилади.

Албатта, паст касталарга боғлиқ козёл, петух, черт, шерст каби сўзлар ҳам номақбул сўзлар ҳисобланади. Бу борадаги мантиқсизлик шу даражага етганки, вояга етмаганлар жазони ўтайдиган колонияларда карам ейиш ва бу сўзни ишлатиш “западло” (тақиқланган). Чунки карам -- эчки (русча –козёл)нинг емиши!

Агар маҳбусни бошқа камера ёки зонага ўтказишса, унинг “хатадош”лари билан хайрлашув сўзлари ҳам жаргонда бошқачароқ янграйди. Зонада ҳеч қачон “до свидания” (хайр) дейилмайди, балки “прощай” алвидо, дейилади. Биринчидан, қамоқ ўғрилар учун “уй” дейилса-да, “воля”да – озодликда юрган маъқул. Мазкур хайрлашув гўёки “яна шу ерда учрашгунча хайр”, дея ёмон ният сифатида салбий қабул қилинади. Шунингдек, “свидание” – бу хотин ёки қариндошлар билан учрашувни англатувчи "муқаддас" сўз. Демакки, бегона эркакнинг “до свидания” дейиши ғалати эшитилади.

Яна бир версияга кўра, “до свидания” сўзида гўё “свидитель” (гувоҳ) сўзи ҳам мавжуд. Ўғрилар поняткасида бошқаларнинг жиноятига қарши гувоҳ бўлиш номаъқул иш ҳисобланади.


Жиноят оламидаги табақалар. 3-мақола


Қолаверса, зонада кружка эмас, "хапок"да сув ичасиз, деразага эмас – "решка"га (панжарага) қарайсиз, ерга эмас, "пятак"ка, стол эмас, "обшак" қўясиз.

Шу билан бирга, зонада волядаги каби ортиқча мулозамат ва хушмуомалалик яхши қабул қилинмайди. Бундай одам шу тариқа ўзини маҳбуслардан юқори тутаётгандек ёки олифталик қилиб, ўзининг кимлигини кўрсатгиси келаётган одамдек таассурот қолдиради.

Феня нега пайдо бўлган?

Эҳтимол “қамоқхонада ҳам озодликдаги каби сидирға гаплашса нима қиларкин, нега бу ерда одамлар бошқача тилда гаплашар экан?” деган савол ҳам туғилиши мумкин.

Аввало, кўпчилик гаплашадиган тилдан ташқарида гаплашиш нафақат жиноят оламида, балки ижтимоий ҳаётнинг бошқа қатламларида ҳам ишлатилади. Масалан, турли касб эгалари – шифокорлар, нефтчилар ва ахборот технологиялари ходимлари бошқалар тушунмайдиган атама ва тушунчалар билан гаплашади.

Жаргонлар ҳар хил бўлади:  Респект! (ҳурмат билан салом бериш маъносида – лекин маҳбуслар гаплашмайдиган бошқа жаргонда) Ҳой сақоқуш, супургингга қара! (Ҳой, безори, сўкинмасдан, оғзингга қараб гапир. (зона жаргонида)

Қолаверса, қамоқхона кичик ва тор олам. Бу ерда одамлар 1 йилдан 25 йилгача бўлган узоқ муддатларда 5-10 (айрим камера ёки баракларда 50-70) нафар одам билан уззу-кун бир хонада ўтиришади, вақт ўтказишади. Қиладиган иш йўқ, ягона овунчоқ – суҳбатлашиш. Бошқаларни уриб-сўкиб, алдаб бўлмайди. Фақат гапдан “ушлаш”, гап билан “едириш” қолади холос. Бундай шароитда айнан шу жиҳат ривожланиши табиий.

Умуман олганда, жаргон (франц. jargon. – сафсата) – бирор ижтимоий гуруҳнинг ўзига хос лексикаси, фонетикаси ва грамматикаси билан умум сўзлашув тили ва маҳаллий диалектлардан фарқ қиладиган тили ҳисобланади. Жаргон тегишли ижтимоий муҳитда юзага келади ва шулар манфаатига хизмат қилади. Талабалар, ҳарбий хизматчилар ва бошқа касб эгаларининг жаргонлари шулар жумласидан.

Жаргон ҳам лексик, ҳам услубий жиҳатдан турли-туман, тез ўзгарувчан, барқарор бўлмайди. Macалан, ёшлар орасида «кетдим» ўрнида «сирпандим», «пул» ўрнида «соққа», «доллар» ўрнида «кўк»; санъаткорлар орасида «хизмат учун ҳақ олмаслик» ўрнида «том сувоқ», «пул» ўрнида «якан» ва ҳоказо жаргон сўзлари қўлланилади.

Жаргонлар қайси ижтимоий гуруҳ орасида юзага келган бўлса, деярли фақат шу гуруҳ вакиллари учун тушунарли бўлади, шу тоифадагиларнинг вазият, шароит тақозосига кўра, бошқалардан яширин тутиладиган мақсадларига хизмат қилади.

Қисқа қилиб айтганда, жаргондан биринчи мақсад – ўзаро суҳбатларнинг атрофдагиларга тушунарли бўлмаслигига эришиш. Зоналардаги контингент асосан жиноятчилардан иборат бўлгани боис, улар ўз режа ва мақсадларини одамлар қулоғидан пинҳон тутиш эҳтиёжи шу каби махсус сўзлашув услуби пайдо бўлишига олиб келган.

Криминал олам жаргони ўғрилар тилида “феня”, (“фенка”) деб аталади. Шунингдек, “блатная музыка” (блат мусиқаси) ҳам дейилади. Гарчи "мусиқа" деб аталсада, уни зона романтикасини куйлайдиган, жиноятчилар муҳитининг оғир ҳаёти ва тартиб-қоидаларини тавсифлайдиган, шансон жанридаги қўшиқлар (блатной фольклор, блатной шансон, блатняк) (Россияда XIX аср охирларида пайдо бўлган ва СССР даврида тўлақонли норасмий жанр сифатида такомиллашган жанр) билан аралаштирмаслик керак.

Зона жаргони (“феня”) пайдо бўлиши XVII асрларда Россияда “коробейник” (қутичилар) ёки “офеня”лар – елкага осиладиган қутичага майда-чуйда товарлар – нина, ип, ойна, дуо китоблари, дастрўмолча, тери кармон, икона ипак, пишлоқ, колбаса, узук, сурат ва бошқа жиҳозларни солиб, эшикма-эшик, кўчама-кўча юриб сотадиган майда савдогарлар (атторлар) жаргони билан боғлиқ.

“Коробейник”лар шаҳарма-шаҳар юришгани боис, кўпинча ўғри ва талончиларнинг қурбони бўлишган – уларни уришган, товарлари ва пулларини тортиб олишган. Натижада атрофдагилар қайси товарни қаердан, кимдан ва неча пулга олишгани, қаердан келиб, қаерга кетишгани ҳақидаги маълумотларни “қоғозга ўраб” жаргонда гапиришган. Бу нафақат ўғрилар, балки харидорларни чалғитиш учун ҳам керак бўлган.

Шу тариқа “офеня”ларнинг ўзига хос жамияти, ёзилмаган қонун-қоида ва тили – “феня” пайдо бўлди.

Ёш “коробейник” – майда савдогар. (XIX аср).

Офеняларнинг криминаллашуви

“Офеня” тилининг яралиш услублари криминал жаргон “феня” пайдо бўлишига таъсир қилган. Рус тилшунос олими В.И.Дал ўзининг “Қўлёзма луғатлар” (“Рукописные словари. (Офенское, шерстобитов, мазуриков)” китобида ёзишича, “офеня” тили гарчи рус грамматикасига асосланса-да, ўзига хос феъл, сифат, от, олмош ва сонларга эга бўлган. Ҳатто шаҳарларнинг номлари ҳам шифрланган. Масалан Москва – Батуса ёки Батусия, деб аталган. Галич шаҳри – Галевон дейилган ва ҳоказо.

Яна бир тилшунос – Петр Симон Палласнинг “Барча тил ва шеваларнинг қиёсий луғатлари” (Сравнительные словари всех языков и наречий, 1787 г.) ёзилишча, офеня Суздал ва Владимир губернялари шеваларига немис, яҳудий (идиш), грек, фин-угор, украин ва туркий тиллардан кириб келган сўзлар воситасида морфозага учраган.

Бундан ташқари, офеня савдогарлари русча сўзларининг биринчи бўғинига ку, ши, тур, шля, ша, на ва бошқа маъноси йўқ қўшимчаларни қўшиб, янги, тушунарсиз сўзлар ясашган. Масалан, золото (олтин) – кузлото, село (қишлоқ) – турло, знакомий (таниш) – шлякомий, ножници (қайчи) – жулницига айланган ва ҳоказо.

Шунингдек, айрим ҳаракат, сифат ва жараёнга оид сўзлардан янги сўзлар ясалган. Масалан, витка – правда (ҳақиқат), светлаха (ёруғлик) – хона ва ҳоказо.

Шу билан бир қаторда офеня тилида янги ўзак сўзлар ўйлаб топилиб, уни рус тили морофлогияси бўйича ўзгартиришган ва бегона одамлар тушунмайдиган тил ясалган. Албатта, бу жараён битта ўтиришда, дарров амалга ошилмаган. Офеня тили вақт ўтиши билан бойиб, ўзгариб борган. Офенялар русча сўзларни ҳам бузиб, тушунарсиз қилиб гапиришган.

Офеняларнинг криминаллашувида XVII аср ўрталарида Русда рўй берган диний бўлиниш таъсир кўрсатган. Бир гуруҳ диндорлар – “старовер” (эскича, асл иймон тарафдорлари) ёки “расколник”лар (бўлгинчилар) пайдо бўлди. Уларнинг дуо китоблари ва айниқса иконалари бошқача бўлиб, яширинча сотилган. Бундай савдо сотиқ ҳукумат тарафидан тақиқланган. Қолаверса, “староверлар” давлат қўли етиб бормайдиган узоқ ўрмонлар ва қишлоқларга кўчиб кетишган. Уларга товар ва иконпларни етказиб бериш безинеси ҳам “коробейник” офенялар қўлига ўтиб, махфий ва жуда даромадли бизнес соҳаси пайдо бўлди. Офенялар староверларга иконалар сотишдан ташқари, эски иконаларни арзон сотиб, кейин коллекционерларга қимматга сотишган.

Икона ва дуо китобларини сотиб юришгани боис офеняларни “боготаскалшик” (диний нарсаларни ортмоқлаб юрувчи) деб ҳам аташган.

Шу тариқа, офенялар одамлардан ҳам, полициядан ҳам қочиб, хавфсираб юришга мажбур бўлишган.

Офенялар ўз хавфсизликларини таъминлаш учун, қолаверса, айрим ҳолларда товарларни ўғирлик ва фирибгарлик йўли билан текин ёки арзон олиш учун жиноятчилар билан тил бириктира бошладилар. Улар содда, қишлоқи деҳқонларни чув тушириб, алдаб кетишни айб эмас, жасорат ва устамонлик деб ҳисоблай бошлашди. Деҳқонарни “лох” (поляк тилида “лох”, украин тилида “волох” – деҳқон дегани) қилишгани билан фахрлана бошладилар.


Татуларнинг турлари ва маънолари. 4-мақола


Офенялар алдов ва фирибгарлик йўлига ҳам ўтиб олишди. Масалан, улар иконаларни сохталаштиришган. Греклар қимматбаҳо ёғочлардан икона рамкалари ясашган. Офенялар эса арзон ёғоч – липа дарахтидан олиб, уни қимматбаҳо ёғочлар рангига бўяшган. Шу тарзда жаргонда ЛИПА – “липовий” – “қалбаки” деган сўз пайдо бўлган. Масалан, ўғрилар жаргонида ҳам қалбаки ҳужжатни “липа” дейишган.

“Блатной мусиқа”нинг туғилиши

Шу орада жиноятчиларнинг ўз жаргони пайдо бўлиб, тизимлаша бошлади. Бу жаргонни ўғрилар ҳазил аралаш “феня” деб аташган. Криминал олам, 19-асрдан бошлаб (идиш – немис тилидан “блат” сўзи кириб келгач), шунингдек, ўз жаргонларини “блатная музика” деб ҳам аташган.

Ўғрилар жаргонидаги илк атамалар офенядан ўтган. Чунки “офеня”ва “феня” қатламлари вакиллари деярли тенг даражадаги ижтимоий қатламлар бўлган, улар ўртасида умумий муносабатлар йўлга қўйилган.

В.И.Далнинг ёзишича, “пойтахтда (Санкт-Петербургда – муал.) мазурик деб аталадиган фирибгар, чўнтаккесар ва ўғрилар” ўз тилларини яратишган бўлиб, у фақат тор доирадаги ўғрилар ва уларнинг жиноятларига тегишли бўлган. Улар тилида офенялар билан умумий сўзлар ҳам бўлган.

Ўғрилар бу тилни байка тили ёки мусиқа деб аташган. “Мусиқани билиш” – жаргонни тушуниш, “мусиқа бўйича юриш” – ўғрилик билан шуғулланиш, деган маъноларни англатган”.

Лекин “ботать по фене” ўғрилар жаргонида гапиришни билдиради. Масалан, лох (лақма, содда қурбон), пахан (паханя – хўжайин), кич (қамоқхона) сўзлари шундай атамалар сирасига киради

Жаргондаги сўзларнинг пайдо бўлиши атрофдаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий жараёнлардан таъсирланадиган тирик жараён бўлган. Масалан, жаргондан рус омма тилига ҳам кўчиб ўтган “бабки” ёки “катки” (пул) сўзини олайлик. Рус императори Екатерина Иккинчи даврида зарб этилган 100 рубллик янги купюраларда император хонимнинг суратлари туширилган. Уни жиноятчилар ва кенг омма “аёл” ёки “кампир” (баби) сурати туширилган қоғозлар маъносида “бабки”, шунингдек, Катя (яъни Екатерина) сурати туширилган “катки” жаргон сўзлари пайдо бўлган. Аслида ўғрилар жаргонида циган (лўли) тилидан ўтган “лаве” сўзи ишлатилган. Шунингдек, туркий тиллардан олиб, алтин, башлик каби сўзлар ҳам қўлланилган.

Темир йўл, Одесса ва яҳудийлар: ўғрилар жаргонига нима алоқаси бор?

XIX аср бошларида Россияда темир йўллар қурилиши жадаллашди. Тобора узоқ ўлкалар ва марказни боғловчи транспорт алоқалари йўлга қўйилди. Энди товарларни узоқ-узоқларга ҳам олиб бориш мумкин бўлиб қолди. Офенялар бозори касод бўла бошлади. Қолаверса давлат ва солиқ идоралари ҳам офеняларни ҳисобга олиш ва назорат қилишга ўтди.

Шу даврда Усмонийлар империясидан тортиб олинган Ҳожибей шаҳрининг номи Одесса деб ўзгартирилди. 1794 йил 27 май куни Император хоним Екатерина Иккинчи турк қалъа шаҳри Ҳожибей ўрнида Россия империясининг Қора денгиздаги асосий порт шаҳри – Одессани ташкил этиш ҳақида фармон чиқарди. Тез орада янги ташкил этилган Новороссийск генерал-губернаторлиги марказига айланган бу шаҳар 1819 йилда турли тўловлардан холи эркин порт шаҳарга – “порто франко”га айлантирилди. Натижада савдо ривожланди. Бу ерда хорижлик савдогарлар, айниқса, Ғарбий ва Шарқий Европадан келган яҳудий ҳамда греклар ҳам кўпайиб қолди. Пулнинг “ҳидини олган” рус савдогарлари, фоҳишалари, савдогарлари, циганлари ва албатта криминал фаолият субъектлари ҳам Одессага гуруҳ-гуруҳ бўлиб кўчиб ўта бошлади.

Одесса порти. XIX аср.

Шуни таъкидлаш керакки, Одессада аввалдан яшаган ва Европадан янги кўчиб келган яҳудийлар ўзаро идиш тилида сўзлашган. У пайтларда яҳудийлар руслар томонидан таъқиб этилгани боис, полиция ва давлат мансабларига ишга олинмаган. Натижада яҳудий савдогарлари идиш тилидан шифрланган жаргон ўрнида фойдаланишган. Улар билан мулоқот қилган рус савдогарлари ва жиноятлари ҳам бу тилдаги сўзларни ўзлаштиришни маъқул кўришган. Шу тариқа криминал “феня” жаргонида идиш ва у орқали немисча сўзлар кўпая бошлади. Кент (дўст, ҳамкасб), фрайер (олифта, эркин одам), шухер (шовқин, тўполон), кипиш (жанжал), блат, блатной (имтиёзли, ваколатли), ксива (ҳужжат - идиш тилида ктиба (арабча китоб - "ёзма ҳужжат") сўзлари ҳам Одесса шаҳрида криминал “феня” таркибига ўзлаштирилган.

Ишора жаргони

Жаргонда фақат сўзлашув тилида эмас, ишоралар орқали ҳам мулоқот қилиш мумкин. Буни “блатной семафор” ёки “қўл феняси”деб аташади. Тиқилинч автобусда кетаётган икки чўнтаккесар гаплашмасдан, товуш чиқармасдан бир-бирига ишоралар беради. Ёки кўчада юрганда одамлар эшитиб қолмаслиги ёки уларнинг шерик эканини пайқамасликлари учун қўл ишоралари ёки юз мимикалари билан бир-бириларига маълумот беришади.

Масалан, юқоридаги суратда юзига 2 бармоғини қўйса, “бизни кузатишяпти” дегани. Агар (гўёки тўппончани ифода қилиб) икки бармоғини ёнбошига қўйса, бизни милиция ходими ёки опер кузатяпти, деган маънони англатади.

Ёки кўрсаткич бармоғи билан ерга ишора қилса, “шимнинг орқа чўнтагини кўр” деган маълумотни беради ва ҳоказо.

Ўғрилар жаргонининг омма тилига трансформацияси

Чор Россияси даврида ўғрилар жаргони феня фақат тор жиноятлар учун тушунарли бўлган. Бироқ 1930-йилларда амалга оширилган Сталин репрессиялари даврида миллионлаб одамлар кўп йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. СССРнинг турли ҳудудларидан келган одамлар учун Сталин лагерлари ўзига хос жаргон университетлари вазифасини ўтади. Сталин ўлганидан кейин СССРда ҳаёт яхшиланди. Айрим сиёсий-гуманитар эркинликлар тикланди. Миллионлаб сиёсий маҳбуслар оқланиб ўз юртларига қайтишди. Феняга ўрганиб қолган собиқ маҳбуслар мулоқот натижасида жаргон сўзларини омма тилига ҳам “юқтиришди”.

Бунинг устига, кўплаб сиёсий маҳбуслар – олим ва ёзувчилар ҳам Сталин қамоқхоналарида ўтириб чиқишгани боис, уларнинг биографик асарларида кўплаб жаргон сўзлар ишлатилди. Бу жаргон сўзларининг китобхонлар ва халқ орасига тарқалишига сабаб бўлди.

Бу жаргон сўзлар кейинчалик ёшлар ва кенг омма тилига ўтиб, маҳаллийлашди. Уларнинг айримлари ҳатто рус адабий тилига ҳам ўтиб, расмий-илмий луғатлардан жой олди.

“Тўғри одамлар” “чефир” устида “юрак”дан “феня”да “бозор қилишмоқда”. (Яъни, ўғрилар ўта аччиқ чой ичиб, жаргонда суҳбатлашмоқда).  Photo by: Анатолий Кузярин / ТАСС

Жаргондан нима фойда?

Зонада жаргонни яхши биладиган ўқитувчи ва таржимонларнинг ҳурмати баланд бўлади. “Турма почтаси” (бу ҳақда кейинги мақолаларда ўқийсиз – муал.) орқали жўнатиладиган хат ва топшириқлар – “малява” ҳамда “прогон”лар фақат ва фақат “феня” жаргонида ёзилади.

Жаргонни билиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари учун касбий фойда келтиради. Жаргонни тушунадиган опер ёки назоратчи маҳбуслар олдида ўзгача ҳурматга эга бўлишади одатда. Шу сабабдан, СССР даврида тегишли ходимлар учун, фақат хизматда фойдаланиш учун махсус “феня” луғатлари ҳам чоп этилиб, ундаги сўзлар маълум давр оралиғида янгиланиб турилади.

Ўғрилар жаргони бўйича луғатлар илмий-оммабоп китоблар шаклида ҳам чоп этилади.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+