Хитой армияси эҳтимолий урушга тайёрланаётганини эълон қилди
Мамлакат Тайван атрофида мунтазам патрулларни ташкил этмоқчи.
Хитой Халқ Озодлик армияси минтақада эҳтимолий урушга тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлигининг расмий вакили У Цянь маълум қилди. Унинг баёноти вазирлик сайтида эълон қилинди.
Расмийнинг сўзларига кўра, Пекин Тайван ҳудуди атрофида мунтазам равишда патрул операцияларини ташкил этиш ниятида. У Хитой ҳукумати давлат суверенитетини ҳимоя қилиш ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашни асосий вазифалар деб билишини таъкидлади.
"Сўнгги пайтларда армиямизнинг Шарқий қўмондонлиги Тайван ороли атрофида денгиз ва ҳаво бўшлиғида денгиз ва ҳаво кучлари билан мунтазам равишда қўшма жанговар тайёргарлик патрулларини ташкил қилди", деди У Цянь.
Мулозимнинг қўшимча қилишича, тегишли операцияларнинг мақсадларидан бири аскарларнинг жанговар тайёргарлиги даражасини янада оширишдан иборат. Шу билан бирга, Хитой Мудофаа вазирлиги вакили ҳарбий хизматчиларни узлуксиз тайёрлаш ва қуролли можарога фаол тайёргарлик кўришни эълон қилди.
17 январ куни Хитой Давлат кенгашининг Тайван ишлари бўйича бошқармаси матбуот котиби Чен Бинхуа АҚШни оролдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашдан воз кечишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Америка расмийлари Пекин билан бу борадаги ўзаро келишувларни ҳурмат қилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий ойда Тайванда бўлиб ўтган сайловларда АҚШ билан яқинлашиш тарафдори ғалаба қозонди. Ўзбекистон ҳам мазкур сайловга муносабат билдирди.