platina.uz

Иккита Хитой уруши: Тайванда нима гаплар?

Агар уруш бошланса, бутун дунёда мобил телефонлар, автомобил ва электроника ишлаб чиқариш саноати чуқур ва ўнглаб бўлмайдиган инқирозга тушиб қолади.

Таҳлил
3 февраль, 18:51
Иккита Хитой уруши: Тайванда нима гаплар?

Ҳозир дунёда иккита Хитой давлати борлигини биласизми? Улардан бири биз билган ХХР бўлса, иккинчиси Тайван оролида жойлашган Хитой Республикаси. Бир пайтлар бутун Хитойни бошқарган Гоминдан (Хитой миллий) партияси коммунистлардан енгилиб, кичик бир оролчага кўчиб ўтган ва ўшандан буён шу оролда умргузаронлик қилмоқда.

Тарихга қайтиб...

Гоминдан партияси Хитойда Цин сулоласи тахтдан ағдарилишига олиб келган Синхай инқилобидан кейин 1911 йилда тузилган эди. Гоминдан ҳукумати ўтган асрнинг 30-40 йилларида Хитойга ҳукмронликни талашиб, Бэйян генераллари ва Хитойнинг Коммунистик партияси жангариларига қарши аёвсиз кураш олиб борди. Ниҳоят 1949 йилда Хитойда бошланган фуқаролар уруши натижасида коммунистлар тўдабошиси Мао Цзэдун ҳокимият жиловини батамом қўлга олди. Гоминдан етакчилари эса қувғиндаги ҳукумат мақомида Тайван оролига қочиб ўтишга мажбур бўлишди ва бу ерда Хитой Республикаси тузилганини эълон қилишди. Қитъада қолган “Катта Хитой” ҳудудида эса коммунистлар Хитой Халқ Республикасини ташкил этишди.

Шундан буён бу икки Хитой ўртасида кураш тингани йўқ. ХХР Тайванни ўз бўлинмас ҳудуди, деб ҳисоблайди. Тайван эса ўзини мустақил давлат, ҳаттоки қитъадаги катта Хитойнинг легитим ҳокимиятининг ягона вориси деб ҳисоблайди. Бироқ ХХР ҳам айни мақомга даъвогарлик қилади.

Албатта, ХХРнинг иқтисодий экспанцияси унинг сиёсий иродасини тан олдиришга мажбур қилмоқда. Бироқ, айни пайтда ҳам 12 та давлат - Белиз, Гватемала, Ҳаити, Маршалл ороллари, Палау, Парагвай, Сент-Винсент ва Гренадинлар, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Тувалу, Эсватини ва Ватикан Хитой Республикасини давлат сифатида тан олади. Бундан ташқари яна бир қанча давлатлар Тайван билан қуйироқ даражадаги икки томонлама дипломатик алоқалар ўрнатиб, ўзаро ваколатхоналар очишган.

Минтақада муҳим ўйинчилардан бири бўлмиш АҚШ эса Тайваннинг мустақиллигини расман тан олмайди. Чунки АҚШ маъмурияти ХХР давлати ташкил этилганидан сўнг, 1950 йилда ХХРнинг Тайван ороли устидан суверенитетини тан олиши ҳақида баёнот берган.

Инқирозлар занжири

1954-1955 йилларда Тайван бўғозида Биринчи қуролли инқироз, 1958 йилда эса Иккинчи инқироз юз берди. Ҳар икки можаро ҳам ХХР ва Тайван ўртасида жойлашган баҳсли оролларга эгалик ҳуқуқи борасида келиб чиққан.

Биринчи инқироздан сўнг, "Ўзаро мудофаа ҳақида хитой-америка шартномаси” имзоланди ва АҚШ Тайван унга ёндош Пескадор оролларининг хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олди. Бу шартнома коммунистик таҳдид минтақага ёйилишининг олдини олишга қаратилган. Бироқ бу шартнома Тайваннинг ХХРга қарши ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватламаслиги алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур шартнома Цзинмэн ва Мацзу архипелагларига татбиқ этилмаслиги боис, АҚШ Иккинчи Тайван инқирозига аралашмади.

АҚШ манфаатлари учун доим йўл топилади

1979 йилда эса АҚШ ва Тайваннинг дипломатик муносабатлари тўхтатилгач, "Ўзаро мудофаа ҳақида хитой-америка шартномаси” ҳам ўз кучини йўқотди. Лекин америка-тайван алоқаларини сақлаб қолиш ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги манфаатларини таъминлаш мақсадида "Тайван билан муносабатлар ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Янги қонун АҚШнинг Тайван билан ҳарбий ҳамкорлигининг янги тамойилларини ҳамда унинг хавсизлигини таъминлаш борасидаги мажбуриятларини белгилаб берди.

Ушбу ҳужжатнинг ўзига хослиги шундаки, у АҚШнинг “ягона Хитой сиёсати”га содиқлигини эълон қилди. Шу муносабат билан бу қонунда Хитой Республикасига ҳаволалар олиб ташланди, бунинг ўрнига "Тайван ҳокимияти" икки томонлама муносабатларнинг субъекти сифатида кўрсатилди. Ушбу қонун дипломатик муносабатларни сақлашни норасмий, аммо де-факто 1979 йил январ ойида нотижорат ташкилот сифатида махсус ташкил этилган Тайвандаги Aмерика институтига топширди. Мазкур қонун Тайваннинг ижтимоий ва/ёки иқтисодий тизими хавфсизлигига ташқи таҳдидлар юзага келган тақдирда, AҚШнинг мудофаа қобилияти ва хизматларини тақдим этиш мажбуриятларини белгилайди.

Мазкур қонун “Учинчи Тайван бўғози инқирози”ни ҳал қилишда AҚШнинг фаол иштироки учун қонуний асос бўлди.

Учинчи инқироз

1996 йил Тайванда президент сайловлари ўтказилиши режалаштирилди. Бу эса табиийки ХХРга ёқмади. Тайван ҳукуматига бир ҳовуч сепаратистлар сифатида қаровчи ХХР коммунистлар армияси 995-96 йилларда Тайван назорати остидаги ороллар яқинида ҳарбий денгиз манёвр машқлари ва бир неча жанговор ракеталарни отиш билан ўқув машғулотлари ўтказди. Бундан мақсад – Тайван ҳукуматини чўчитиб, пўписа қилиб қўйиш эди. Бу Тайванда ҳам, АҚШда ҳам катта хавотир уйғотди. Бунга жавобан АҚШ Тайван бўғозига бир неча ҳарбий кемаларини жўнатди. Ўша пайтдаги АҚШ президенти Билл Клинтон Хитой Республикасини қўллаб-қувватлаш мафсадида Тайван бўғозига қирувчи самолётлар ортиб юрувчи 2 та ҳарбий кемани жўнатишга қарор қилди. Бу билан АҚШ 1979 йилда қабул қилинган "Тайван билан муносабатлар ҳақида”ги қонунни ижро этишга тайёрлигини билдирди.

Сайловлар ўтиб олгач, инқироз кескинлиги пасайди, АҚШ ва ХХР ўртасидаги муносабатлар яхшиланди. 1997 йил кузида ХХР раиси Цзян Цзэмин АҚШга борди, 1998 йил июн ойида эса АҚШ президенти Билл Клинтон ХХРга ташриф буюрди.

Бироқ бу инқироз Тайван иқтисодиётига катта зарар келтирди. Кўтарилган ваҳима фонида фонд бозори индекси 17%га пасайди. Тайван катта миқдорда сармоя йўқотди, кўчмас мулк нархлари тушиб кетди.

Янги, аммо номсиз инқироз

Тайван масаласида Хитой ва АҚШ ўртасидаги навбатдаги можаро 2022 йилда, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганида келиб чиқди. Бунга ХХРнинг Тайван масаласини узил-кесил, батамом ҳал қилишга бел боғлаб, оролдан 20 км. масофада ҳарбий ўқув машғулотларини бошлашга қарор қилгани сабаб деб кўрсатилди.

АҚШ Вакиллар палатаси вакили – Конгресс аъзоси Нэнси Пелосининг август ойида Тайванга ташрифи охирги 25 йил ичидаги илк Америка расмий делегацияси ташрифи ҳисобланади.

Нэнси Пелоси ташриф доирасида Тайван парламентида бўлди, орол маъмурияти раҳбарлари билан учрашди. Пелоси Aмерика делегацияси Тайванга Вашингтоннинг оролни қўллаб-қувватлаш ва “Тайван демократиясини жадал ривожлантириш”га содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш учун келганини маълум қилди. Қолаверса, AҚШ конгрессменларининг оролга ташрифи AҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсатига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

Ташриф чоғида Тайван президенти Цай Инвэн Вашингтон ва Тайпей ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги хизматлари учун Пелосига “Меҳрибон булутлар” орденини топширди. Ушбу мукофот 1941 йилда миллий тараққиёт ва фуқаролик жамияти ривожланишидаги ютуқларни тақдирлаш учун таъсис этилган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШга Тайван билан қайта бирлашишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги борасида хомхаёлларга бормасликни маслаҳат берди. Унинг сўзларига кўра, AҚШ “Тайван мустақиллигини қандай маъқуллашидан” қатъи назар, Пекин сепаратизм ва ташқи кучларнинг аралашуви учун “ҳеч қачон жой қолдирмайди”.

Кичкина деманг бизни...

Шунча ғалваларга қарамасдан, Тайван бинойидек ривожланишда давом этиб келмоқда. Ҳатто халқаро олимпиадаларда ҳам иштирок этяпти. Қолаверса 2023 йилда бу ерда парламент сайловлари, 2024 йил 13 январда эса президент сайловлари ўтказилди. Албатта, бу сайловлар ва унинг натижалари ХХР билан мустаҳкам алоқага эга давлатлар томонидан тан олинмади. Хусусан, Ўзбекистон ҳам шу давлатлар қаторида бўлди.

ХХР эса ҳар доимгидек ғазаб ва норозилигини намойиш қилди.

Умуман олганда, учинчи марта раислик лавозимига сайланиб, ҳокимиятини мустаҳкамлаб олган Хитой раиси Си Цзинпин Тайваннинг Хитой билан "қайта бирлашиши" муқаррарлигини бир неча бор эълон қилган.

Тайванда 2024 йилда ўтказилган сайловлар Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин ўтказилган биринчи йирик сиёсий тадбир ҳисобланади. Бу жараён ХХР раисининг ростмана жиғига теккан кўринади. Авваллари халқаро ҳуқуқ талаблари ва Украина суверенитетини тан олишини ҳамда Россияга қарши санкцияларни қўллашини билдирган ХХР риторикаси ушбу сайловлардан кейин тескари тарафга кескин ўзгарди.

Эндиги чиқишларида ХХР раиси Россиянинг Украинага босқинини нафақат қораламади, балки Россия билан алоқаларни кенгайтирди ва бир нутқида Россия президенти Владимир Путинни “азиз дўстим” деб атади.

Таҳлилчилар АҚШ Европа ва Яқин Шарқдаги урушлар билан чалғиган бир пайтда Си Цзинпин Путиндан ўрнак олиб, Тайванга бостириб киришидан қўрқишмоқда. Си Цзинпин Тайвандаги сайловларга икки ҳафта қолганида ўзининг Янги йил байрами нутқида Тайван Хитой билан “албатта қайта бирлашишини” яна бир бор таъкидлагани ҳам эътиборга молик.

Қизиғи шундаки, Тайван ҳукумати ҳалигача расман мустақиллигини эълон қилмаган. Аввало у ўзини ҳуқуқий жиҳатдан Хитой вориси деб ҳисоблайди ва бунга ҳожат йўқлигини айтади. Қолаверса, бундай қадам ХХРнинг сабр косасини тўлдириши ва ҳарбий зўравонлик йўли билан Тайванни босиб олишга киришиб кетишидан чўчишади. Қолаверса, Тайван маъмуриятининг охирги баёнотларига кўра, “Тайван аллақачон “Хитой Республикаси” номига эга суверен давлат ва шунинг учун расмий мустақиллик декларациясига муҳтож эмас”.

Тайванни келажакда нима кутяпти?

АҚШ Тайван хавфсизлигини таъминлаш кафолатини бериши ортида нафақат Вашингтоннинг демократик ва гуманитар-халқаро адолат мақсадларини кўзлаши ёки Тинч океани минтақасидаги Америка манфаатлари ҳақида қайғуриши ётади. Айрим экспертлар, айниқса, рус сиёсатчиларининг фикрича, АҚШ иқтисодий-технологик-сиёсий қудрати ва иштаҳаси ошиб бораётган Хитойни техник ва технологик жиҳатдан жиловлашда Тайваннинг ёрдамига ишонади. Жумладан, 5G ва сунъий интеллект соҳасида Тайван катта ютуқларга эришган ва катта истиқболга эга.

Бироқ ХХР Тайванни босиб олишга қасд қилган кўринади. Коммунистик Хитой раҳбариятининг Тайванга нисбатан риторикаси вақт ўтган сари агрессивлашиб бормоқда.

Лекин шунга қарамасдан, экспертларнинг прогноз қилишича, Тайванни босиб олиш ҳақида ҳали гапириш эрта.

Бу аввало, сиёсий сабаблар билан боғлиқ. Чунки АҚШ Тайванга хавфсизлик кафолатини берган. ХХРнинг Тайванга нисбатан агрессиясига АҚШ жим қараб ўтирмайди ва бу юқорида айтилган учта инқироз мисолида ўз исботини топган. ХХР Тайванни ҳарбий йўл билан бўйсундирган тақдирда Хитой ва АҚШ ўртасида бир неча 10 йилга давом этувчи совуқ уруш, ҳаттоки қайноқ уруш бошланиши мумкин. Ўзаро дипломатик ва иқтисодий алоқаларга путур етади. Бу нафақат ХХР ва АҚШга, балки бутун дунё иқтисодиётига зарар келтиради.

Иккинчи сабаби эса, юқоридаги мисрада ишора қилинганидек, иқтисодий хавотирлар билан боғлиқ.

ХХР Тайванни босиб олмасдан, шунчаки блокада қилган ёки ракета ҳужумларига дучор этган тақдирда ҳам, бутун дунёда мобил телефонлар, автомобил ва электроника ишлаб чиқариш саноати чуқур ва ўнглаб бўлмайдиган инқирозга тушиб қолади. Ҳатто бу электрон қурилмаларни ишлаб чиқариш батамом тўхташи ҳам мумкин. Чунки бутун дунёда ишлаб чиқариладиган микропроцессорларнинг 60 фоизи, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқариладиган чиплар-микросхемаларнинг 90 фоизи айнан шу Тайван оролида ишлаб чиқарилади.

Bloomberg иқтисодчиларининг баҳолашича, ХХР ва Тайван можаросидан кутиладиган иқтисодий зарар 10 трлн. долларни ташкил этиши мумкин. Бу эса жаҳон иқтисодиётининг 10 фоизи дегани! Бундай кўламдаги инқироздан чиқиб олиш учун 20 йил ҳам камлик қилади.

Тайваннинг номинал ЯИМ бўйича дунёда 21-ўринда (761,7 млрд. доллар), ЯИМнинг аҳоли жон бошига улуши бўйича эса 33-ўринда (32 643 доллар) туриши ва жаҳон молиявий бозори ҳам иқтисодиёти билан чамбарчас интеграциялашгани ҳисобга олинса, бу оролдаги инқирознинг жаҳон молияси ва иқтисодиётига таъсири янада аёнлашади.

Тайван блокада қилинган тақдирда эса ХХРнинг ҳарбий ва иқтисодий қудрати пасайиб, кучсизланиб қолади. Бундан фойдаланган АҚШ ўз қудратини тиклаб олиб, дунёда яна энг биринчи иқтисодий қудратли давлатга айланади. Бундай истиқбол ХХР коммунистик раҳбарияти ўртасида ҳам норозилик келтириб чиқариши тайин. Қисқа қилиб айтганда, ХХР Тайванга босим ўтказишда давом этаверади, бироқ яқин истиқболда оролни блокада ва босиб олишга журъат қилмайди.

Бироқ Россиянинг барча нарсаларин қурбон қилган ҳолда Украинага бостириб киришга журъат этгани ХХРнинг ҳам ундан ўрнак олишга ундаши мумкин. АҚШ ва Ғарбда бу борада хавотирлар пасаймаган, албатта. Шу боис айрим Ғарб компаниялари ўз ишлаб чиқаришлари ва сармояларини Тайвандан олиб чиқиб кетиш ҳаракатига тушиб қолишган. Тайваннинг TSMC – дунёда чип ишлаб чиқариш бўйича энг йирик компанияси эса АҚШда чип заводлари қуришни бошлади.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+