Тошкент марказидаги тарихий бинолар бузиладими?
ОАВда "Шарқ" нашриёти бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Шу кунларда ОАВда "Шарқ" нашриёт-матбаа ижодий уйининг бино ва иншоотлари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилгани ҳақида хабарлар ҳамда бу биноларнинг бузилиши ёки аввалги қиёфасини йўқотиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги изоҳ берди. Унда маълум этилишича, мазкур бинолар мажмуаси 1914–1983 йилларда қурилган 14 та бино ва иншоотдан иборат.
2023 йил 14 октябрида Ишчи гуруҳ мазкур объектларда тарихий ва маданий экспертиза ўтказган. Экспертиза натижаларига кўра, ишчи гуруҳ томонидан бино ва иншоотларнинг аксарияти тўлиқ реконструкцияни тақозо этувчи авария ҳолати, аянчли аҳволда экани тўғрисида тегишли хулосалар қилинган. Шунингдек, тарихий ва маданий аҳамиятга молик бинолар аниқланган.
Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлигига мулк мажмуасининг реализация қилинишида ЎзА биноси (литер 0002) маъмурий биносининг тарихий меъморий қиёфасини сақлаб қолиш зарурлиги, келгусида эса қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳридаги модернизм иншоотлари, шу жумладан, ЎзА биносини ЮНEСКО Бутунжаҳон меросининг дастлабки рўйхатига киритиш учун аризани тайёрлаган.
23 январ куни уюштирилган пресс-турда ОАВ вакиллари мазкур бинолар билан сиртдан таништирилди. Афсуски, мажмуа ичидаги бинолар ҳолати билан танишиш имкони бўлмади. Маданий мерос агентлиги раҳбарияти 3,2 гектар майдонда жойлашган ушбу мажмуадаги 2 та бинонинг бузилмаслигига кафолат беришини маълум қилди.