platina.uz

Ҳатто Брежневгаям ёзилган: ярим асрлик мурожаат тарихи

Андижондаги кўприк муаммоси 1968 йилдан буён ҳал этилмаганди. 

Жамият
22 январь, 14:12
Ҳатто Брежневгаям ёзилган: ярим асрлик мурожаат тарихи

Ҳусанбой ота ушлаган жойини қўйвормайдиган одам. Бир ишни бошладими, то якунига етказмагунча тинчимайди. Бўлмаса, 1968 йилдан буён битмаган иш учун ярим асрдан буён идорама-идора юрмас эди.

Гап шундаки, Андижон вилояти Избоскан туманидаги Катта қишлоқ маҳалласи ўртасидан оқиб ўтувчи Тентаксой дарёсига солинган эски кўприкни бундан ярим аср муқаддам сел ювиб кетган. Раҳбарларнинг эътиборсизлиги туфайли уни таъмирлаш шунча йилдан буён пайсалга солиб келинган. Одамлар дарёнинг у томонига ўтиш учун 14 километр йўл босишга мажбур бўлган. Ҳусанбой ота кексаю ёшнинг, айниқса аёлларнинг йўл азобини тортаётганини кўриб, ачинади. Қанчадан-қанча идоралар эшигида сарғаяди. Аммо бу кўприкни таъмирлаш учун маблағ берилмайди. Раҳбарлар эса “Кейинги йил дастурига киритамиз” деган ваъдани беришдан чарчашмайди.

— Ҳатто собиқ иттифоқ даврида Леонид Брежневга ҳам шу кўприкни таъмирлаш юзасидан ариза ёзганман, — дейди Ҳусанбой ота Орифжонов. — Мустақиллик йилларида ҳам деярли мурожаат қилмаган раҳбар қолмаган. Ариза бўйича келиб кўришади, узунлиги 73 метр, эни 10 метрлик кўприкни қуриш учун катта маблағ талаб этилиши боис, ишни орқага суришади. Ниҳоят Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим туфайли муаммо ҳал бўлди. 6 миллиард 734 миллион сўм маблағ ажратилди, қурилиш бошланди ва тез орада кўприк фойдаланишга топширилди.

Янги кўприк Избоскан ва Пахтаобод тумани аҳолиси учун қулайлик яратибгина қолмасдан, транспорт воситалари ҳаракати учун ҳам асосий восита вазифасини ўтамоқда. Натижада 500 минг нафардан зиёд аҳолига қулайлик яратилиб, узоғи яқин қилинди. Ҳусанбой отанинг ярим асрлик мурожаати ҳал этилди.

Президент Халқ қабулхонасига Чўртонлиқ маҳалласидан Турсунбой Қўчқоров мактуб йўллаб, ўн йилдан буён қишлоқда янги мактаб қуришни сўраб мурожаат қилаётганини, лекин бирор натижа бўлмаётганини айтган. Мурожаат ўрганиб чиқилгач, кўп ўтмай дастурга киритилди. Тезкор амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли қишлоқ болалари янги мактабда қатнай бошлади. 210 ўринли мактаб Чўртонлиқ маҳалла аҳлига муносиб туҳфа бўлди.

Бундан ташқари, Ойбек маҳаллада яшовчи Боқижон Маҳмудов ўз мурожаатида Избоскан туманида хусусий шифохона очиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётганини маълум қилган. Муаммо шундаки, аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Хитойдан олиб келинаётган 2 миллиард 400 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар 5 ойдан буён божхона терминали омборхонасида номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган. Бу мурожаат ҳам Халқ қабулхонаси аралашуви билан ижобий ҳал этилди ва тиббий жиҳозлар шифохонага келтириб ўрнатилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+