Турк фазогири тарихий парвозни амалга оширди
Алпер Гезеравжи илк бор космосга учган туркиялик фазогир сифатида тарихга мухрланди.
Бугун, 19 январ куни илк турк фазогири космосга учди. Бу ҳақида Туркиянинг талай оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Алпер Гезеравжи илк бор космосга учган туркиялик фазогир сифатида тарихга мухрланди. Астронавт SpaceX га тегишли ракетада космосга учди. Маълумотларга қараганда у ва унинг 3 нафар ҳамроҳи 1,5 кунда Халқаро космик станцияга етиб боришади. Гезеравжи ва жамоадошлари 14 кун ичида 13 та илмий (биология, тиббиёт, материалшунослик ва генетика каби соҳаларда) тажриба ўтказади ва тадқиқотлар TUBITAK Kosmos, Axiom Spacе ва Nasa билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Falcon 9 ракетаси мувоффақиятли учирилди. Драгон капсуласи ҳозир 4 нафар аъзоси билан коинотда. Улар Халқаро Космик станцияга етиб боришганидан сўнг иккинчи босқич бошланади ва улар кўзда тутилган тадқиқотларни амалга ошира бошлашади.
Миссия тугаб атмосферага киргандан сўнг, капсула парашютларини очади ва Орландо қирғоқлари яқинидаги океанга тушади.
Алпер Гезеравжи учишидан сал илгари жияни билан хайрлашганида, жиянининг “амаки менга юлдузларни олиб келинг” дегани ижтимоий тармоқларга тарқаганди.