Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида Анқарага етиб борди
“Этимесгут” аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмийлар кутиб олди. Туркияда пойтахтида президент юртдошларимиз билан суҳбат ўтказиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқара шаҳрига келди.
“Этимесгут” аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Шу кунларда Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити тадбирларида иштирок этади.
“Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори остида ўтадиган анжуман кун тартибидан устувор йўналишлардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Саммит якунлари бўйича Анқара декларацияси ҳамда ташкилот доирасида амалий шерикликни янада кенгайтиришга қаратилган битимлар тўплами қабул қилинади.
Амалий ташриф билан Анқара шаҳрига келган Президент Шавкат Мирзиёевни Туркиядаги ватандошларимиз самимий кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.
– Яна бир бор ватандошларимни кўриб турганимдан хурсандман. Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади, – деди Президентимиз.
Мулоқотда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатимизнинг узоқ истиқболи билан боғлиқ экани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимизнинг илмий мероси ва қадриятлари тикланаётганига тўхталиб, ватандошларимиз Янги Ўзбекистон тараққиётига кўмакдош бўлишига ишонч билдирди.

– Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев ва ватандошларимизга муваффақиятлар тилади.





