Давлат активларини бошқариш агентлиги "Пахтакор футбол клуби" масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилганини маълум қилди.
Клубни сотиб олувчи харидор кейинчалик қуйидаги талабларга риоя қилиши керак бўлади:
- футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;
- футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;
- "Пахтакор" футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.
Активни сотиш икки босқичда ўтказилади.
Бунда:
- биринчи босқичда – талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги, талабгор ва улар билан боғлиқ бўлган шахслардан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги, шунингдек келажакда бундай рўйхатларга кириш эҳтимолининг пастлиги кўриб чиқилади;
- иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати), закалат пули миқдори (нарх таклифининг камида 5 фоизини ташкил этиши) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.