platina.uz

Омон қолган футболчи ҳам ўзини ўлдирмоқчи бўлган Ёхуд “Пахтакор-79” авиаҳалокатининг сирли талқинлари

Собиқ СССРда ҳақиқат деярли юзага чиқарилмаган. Ҳар бир воқеа ёки яширилган ёки коммунистларнинг обрўсига путур етказмайдиган тарзда, уларнинг қарашларига мос равишда талқин этилган.

Спорт
11 август 2023 йил
Омон қолган футболчи ҳам ўзини ўлдирмоқчи бўлган  Ёхуд “Пахтакор-79” авиаҳалокатининг сирли талқинлари

Бундан 44 йил аввал Ўзбекистон спорти оғир жудоликка учраган. 1979 йил 11 август – шанба куни Украинанинг Днепродзержинск (ҳозирги Каменское) осмонида авиация тарихидаги йирик авиаҳалокатлардан бири рўй берди. «Аэрофлот» авиакомпаниясига тегишли икки Ту-134А авиалайнери (SU-7628 Челябинск—Воронеж—Кишинёв ҳамда SU-7880 Ташкент—Гурьев—Донецк—Минск рейслари) 8400 метр баландликда тўқнашиб кетди.

Ҳар икки самолётдаги йўловчиларнинг барчаси - 178 киши ҳалок бўлди. 7880 рейсидаги 17 киши «Пахтакор» футбол жамоасининг аъзолари бўлишгани боис катта шов-шувга сабаб бўлди.

Машъум ҳалокат ўзбекистонликлар, хусусан, футболчилар ва футбол мухлислари қалбида бир умрлик ўчмас жароҳат қолдирди. Қолаверса, ўша даврларда собиқ СССР футбол жамоалари орасида катта шуҳратга эришган, ҳатто хорижлик машҳур футбол жамоаларини ўртоқлик учрашувларида мағлубиятга учратган сара футболчиларнинг ҳалокати ўзбек футболи учун катта йўқотиш бўлди.

Тўқнашув сабаблари

Собиқ СССРда ҳақиқат деярли юзага чиқарилмаган. Ҳар бир воқеа ёки яширилган ёки коммунистларнинг обрўсига путур етказмайдиган тарзда, уларнинг қарашларига мос равишда талқин этилган. Айниқса, бу каби авиаҳалокатлар ҳам турли ёлғон талқинлар туманига ўралган ҳолда бизгача етиб келган. Ҳар бир яширилган ҳақиқат турли гумон ва шубҳаларни туғдирганидек, “Пахтакор-79” жамоасининг фожиаси турли тахминларга бой. Уларнинг кўпчилиги конспиратив характерга эга.

Аммо расмий талқин ҳам бор. Унга кўра, фожиа юз берган куни самодаги вазиятни Харков ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази диспетчери Николай Жуковский кузатиб турган. Николай бир неча ой олдин мактабдан чиққан, ҳали она сути оғзидан кетмаган 20 ёшли болакай бўлган. Хавфсизлик тармоғи учун катта диспетчер Владимир Сумский унга ёрдамлашган.

Бортида “Пахтакор” жамоаси аъзолари бўлган лайнер 5100 м баландликда учаётган бўлган ва учувчилар яна баландлаш учун рухсат сўрашган. Николай Жуковский бунга рухсат берган. Фожиадан атиги 5 дақиқа аввал ёш диспетчер иккита Ту-134 самолёти бир хил – 8400 метр баландликда учаётганини пайқаб қолган ва “Пахтакор”чилар учаётган лайнер билан боғланиб, 9000 метр баландликка кўтарилишга буйруқ беришга уринган. Лекин баландликни ўзгартириш ҳақидаги буйруқ манзилига етиб бормаган. Чунки бу пайтда самода бир неча самолёт алоқада бўлган ва улардан бири мазкур буйруқни ўзига тегишли деб ўйлаб, нотўғри тасдиқлаган. Буйруқ тасдиқлаганидан сўнг диспетчер хотиржам бўлган. Бироқ тўсатдан иккита самолёт радарлар назоратидан ғойиб бўлган. Иккала навбатчи диспетчер ҳам узоқ вақт улар билан алоқага чиқишга уринишган. Лекин ҳаммаси бесамар кетган – самолётлар тўқнашиб кетган.

Футболчилар ўтирган самолёт тўғри бурчак остида Молдавия самолёти биқинига урилган. Тўқнашувда самолёт бир қанотини йўқотган. Зарба кучли бўлганидан ҳар икки самолёт ҳам икки тарафга отилиб кетган ва тартибсиз ҳаракат қилиб уча бошлаган. Учувчилар охиригача вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишган ва самолётни авариявий қўндиришга уринишган. Бироқ 4000 метр пастлагандан сўнг бошқарувни батамом йўқотишган. Икки самолёт ҳам тумшуғи билан пастга шўнғигани боис, ҳеч кимда омон қолиш учун имкон қолдирмаган.

Расмий хулосага кўра, тўқнашувга икки ҳаво транспортининг ҳаракат траекториясини нотўғри ҳисоблагани, шунингдек, диспетчер ва учувчиларнинг сифатсиз радиоалоқа боис бир-бирларини нотўғри тушунгани сабаб бўлган. Шу билан бирга, ердаги хизматларнинг иш регламентида ҳам қоида бузилишлари аниқланган. Кейинчалик иккала диспетчер судланди ва 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўша куни «Пахтакор»нинг 14 футболчиси— Равиль Агишев, Михаил Ан, Алим Аширов, Сирожиддин Бозоров, Константин Баканов, Юрий Загуменних, Шуҳрат Эшбўтаев, Александр Корченов, Николай Куликов, Владимир Макаров, Сергей Покатилов, Владимир Собиров, Владимир Фёдоров и Виктор Чуркин, шунингдек, тренер Идгай Тазетдинов, администратор Мансур Талибжонов ва жамоа шифокори Владимир Чумаков Минскка учиб кетишаётган эди. Ҳамманинг кайфияти чоғ. Бироз безовталик ҳам ҳукмрон. Чунки улар СССР биринчилиги 19-тури доирасида Украинанинг кучли жамоаси – “Динамо” билан майдонга тушиш ниятида кетишаётган эди. Ўша даврларда “Пахтакор” ўйинига кўра кучли ўрталикда бўлган. Аммо жамоада ёш ва истиқболли ўйинчиларнинг мавжудлиги жамоа мухлисларида “Пахтакор”нинг мамлакат тарихида илк марта чемпион бўлишига умид уйғотган эди. Бироқ тақдир чамбараги бошқа тарафга айланиб кетди. Эҳтимолий ғолибликдан масрурлик ва қувонч кўзёшлари ўрнини аламли ва армонли кўз ёшлар эгаллади.

Мазкур фожианинг конспирологик талқинларига кўра эса, самолёт қандайдир ҳарбий объект устидан учиб ўтган ва ҳаво ҳужумига қарши ҳимоя тизими ишга тушиб, икки самолётни ҳам ракета ёрдамида уриб туширган. Кейинчалик бу фожиага бағишланган «Пахтакор» фалокати сири» фильми чиққан бўлиб, унда ҳам самолёт қандайдир ҳарбий объект устидан учиб ўтаётган вақт уриб туширилгани эҳтимоли ҳақида тахмин илгари сурилган.

Бу талқинга ишониш мумкин бўлган жиҳати шуки, собиқ СССРда инсон қадри чивинчалик ҳам бўлмаган. “Олий мақсад”– социализм қуриш, аслида эса тепадаги бир ҳовуч коммунистларнинг шоҳона ва бехавотир яшаши йўлида бутун бошли халқларни очликка маҳкум қилиш, репрессия, сургун қилиш, сунъий уюштирилган очлик ёки урушга вагонлаб жўнатиб қириб юборишдан тортинмаган совет ҳукумати учун қандайдир 10-15 футболчининг ҳаёти умуман аҳамиятга эга бўлмаган. Бироқ бу талқин учун далиллар етарли эмас. Қолаверса, тўқнашув жойи бир кунда тозалаб олингани, ҳалок бўлганларнинг тобутларини очишга рухсат беришмагани ҳам кўнгилда шубҳа уйғотади. Энди эса буни исботлаш ёки рад этиш жуда мушкул. Чанглар босилди, лойқа сув тинди, энди далиллар топиш деярли имконсиз.

Иккинчи бир талқинга кўра, самолётлар ўша вақтдаги давлат раҳбарлари учаётган самолёт рўпарасидан чиқиб қолган ва эҳтимолий тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида потенциал хавф манбалари коммунистлар элитасига ҳамроҳлиқ қилаётган қирувчи самолётлар томонидан уриб туширилган.

Шунингдек, Украина компартияси биринчи котиби Шербицкий ва Ўзбекистон раҳбари Рашидов ўртасида адоват бўлганига оид назария ҳам тилга олинган. Аммо уларнинг фуқаролик самолётларини уриб туширишдан мақсади нима бўлган, дея савол қўйсак, бу талқиннинг мантиқсиз экани дарров ошкор бўлади.

Омон қолганлар ҳам бўлган

Қирқ йил қирғин бўлса ҳам, ажали етган ўлади, дейишганидек, бу фожиали самолётда учиши керак бўлганларнинг айримлари турли сабабларга кўра омон қолишган. Ўша даврда машҳур футболчилардан бири Биродар Абдураимов 1978 йили «Пахтакор» мураббийлар штабида эди. У кейинги мавсум иккинчи лига жамоасини бошқариш учун кетиб, фожеадан қутулиб қолди. Дарвозабон Саша Яновский эса «Пахтакор» сафига айнан 1979 йили қўшилган ва мавсумни асосий таркибда бошлаган эди. Аммо кейинчалик Сергей Покатилов билан рақобатда ютқазди. Натижада Саша Минскка 1 кун аввал заҳирадаги ўйинчилар билан учиб кетиб, фожиадан омон қолди.

Энг ғалатиси, одатда асосий таркиб ва заҳирадаги ўйинчилар сафарга бирга чиқарди. Аммо айнан шу сафар ҳар икки тартиб Минскка алоҳида учишган. Жамоада ака-ука Эшбўтаевлар бўлиб, улардан бири сафарга заҳирадагилар билан йўлга чиққанди. Шунингдек, жамоа массажчиси Анатолий Дворников ва журналист Олег Якубов ҳам жамоа билан бирга учишлари керак бўлган. Бироқ улар ўша куни маст бўлгани боис, уларни самолётга қўйилмаган. Дворников жамоадан ҳайдалган ҳатто. Дворников шу тарзда фожиали ўлимдан қутулиб қолган.

Инсон омонат, хотира абадий

«Пахтакор»-79 хотираси Ўзбекистонда унутилгани йўқ. Ҳар йили август ойида хотира тадбирлари ўтказилади. Ёшлар ва фахрийлар ўртасида халқаро турнирлар уюштирилади. Ҳалок бўлган футболчилар шарафига Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири “Пахтакор-79” деб номланган. Шунингдек, Украинада ҳалокатга учраган самолёт қолдиқлари тушган жойларда марҳум футболчиларнинг номлари ёзилган ёдгорликлар ўрнатилган.

Ўзбекистондаги ёдгорликларнинг биринчиси республикаси ҳукумати томонидан ўша пайт, яъни 1979 йилиёқ барпо этилган, лекин у кейинчалик юбилейлар муносабати билан икки марта қайта ишланди, янгиланди. Геннадий Красницкий қабри ҳам Боткиннинг марказий хиёбони, кўзга кўринарли жойга кўчирилди.

Авиаҳалокатда вафот этган иккинчи мураббий Идгай Тазетдиновнинг беваси Алла Тазетдинова фожиадан кейин турмушга ҳам чиқмади. Қолган умрини марҳум “пахтакорчилар” хотирасини абадийлаштиришга бағишлади. У барча марҳум футболчилар бевалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатди, хотира тадбирларини ташкиллаштирди, фильмлар ва китоблар чиқарилишига ёрдам берди. Ҳатто Алла Тазетдинова 4 йил аввал вафот этганида уни васиятига кўра турмуш ўртоғи қабри ёнига дафн этишди.

Омон қолган футболчилардан бири Тўлаган Исоқовнинг айтишича, орадан қарийб ярим асрдан ўтса ҳам у ҳалок бўлган сафдошларини эслаганида кўнглида аччиқ оғриқ туради. У ҳаттоки 2 марта ўз жонига қасд қилишга уринган, ҳар куни тушига кирадиган йигитлар ёнига кетишни орзу қилган. Ўзини осиб қўйишига ҳам сал қолган. Ҳатто отаси унинг аҳволини кўриб, «Бўлди, футболни йиғиштир”, деган. Бироқ у ўзида матонат топиб, севган соҳасидан кетмади. Мураббий бўлиб жамоада қолди. Зеро, ўтганларни қайтариб бўлмайди. Аммо марҳумлар севган иш билан шуғуллансанг, улар дўст бўлгаан одамлар билан алоқани узмасанг, уларни хушнуд қиласан: гўё уларнинг ҳаёти давом этади, руҳан қалбимизда в ёнимизда қолишади...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+