Цирк бўйича янги ўқув биноси қурилади
Президент Республика маънавият ва маърифат кенгаши мажлисида цирк фаолиятини яхшилаш масаласига тўхталиб ўтган эди.
Тошкент давлат циркини таъмирлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида 300 ўринли ўқув биноси барпо этилади.
Шавкат Мирзиёев 9 январ куни савдо ва хизматларни ривожлантириш, туризм ва маданият масканларини барпо этишга оид тақдимотда шу масалани муҳокама қилди.
Президент Республика маънавият ва маърифат кенгаши мажлисида цирк фаолиятини яхшилаш масаласига тўхталиб ўтган эди.
Шунингдек, мамлакатда туризм салоҳияти катта экани, уни самарали ишга солиб, туризм масканлари ва меҳмон ўринларини кўпайтириш, бозорларни замонавийлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Тошкент вилоятининг Паркент тумани тоғлари жуда хушманзара. Айниқса, баҳор-ёз мавсумида сайёҳлар билан гавжум. Бу борадаги шароитларни кенгайтириш мақсадида Шаҳрисабздаги Мираки, Паркентнинг Нуробод ва Кумушкон ҳудудларида замонавий дам олиш масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Қашқадарёдаги Майданак тоғ масканида енгил конструкцияли хостеллар қуриш, мавжуд биноларни савдо ва хизматларга қайта ихтисослаштириш, ҳудудни ободонлаштириш мўлжалланган.
Давлат раҳбари миллий маданиятни акс эттирган бозор мажмуалари лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйган эди. Тақдимотда тарихий шаҳарлардаги бозорларни туристлар учун жозибадор масканларга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар намойиш қилинди.
– Бозорларимизнинг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда уларни юртимизнинг “ташриф қоғози”га айлантириш керак. Озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик дўконлари, ошхоналар, кўнгилочар масканлар ҳамоҳанг бўлиши, харидорлар ва туристларни ўзига жалб қилиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада Туркия ва араб мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, лойиҳалаштиришга хорижий мутахассисларни таклиф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Тақдимотда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказларида қурилиши режалаштирилаётган бозорлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари уларда ҳам ҳудудий колоритни акс эттириш, туристлар учун кенгроқ шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди.