Бўкада ҳам терговга чақирилган фуқаро вафот этди

Олдинроқ Тошкентда ҳам терговга жалб қилинган йигит вафот этганди.

Жамият
5 июнь 2023 йил
Бўкада ҳам терговга чақирилган фуқаро вафот этди

Тошкент вилояти Бўка туманида ҳам терговга чақирилган фуқаро вафот этди. 

Вилоят ИИБ маълум қилишича, 4 июнь куни  Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида бир қатор ўғирлик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.

Гумонланувчи У.С. соат 19.00да ЖПКнинг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.

Шу куни соат 23.30ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилди, воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинди.

Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22.00ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.

Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилди.

Шунингдек, Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди.

Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.

Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсаларда, марҳум У.С. танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертизаси тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда терговга чақирилган 21 ёшли йигит ҳожатхона деразасидан сакраб, жароҳат олган ва кейинчалик вафот этганди. Ҳолат бўйича ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви бошланганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+