Болаларни китобга қайтариш учун ёзувчилар етарлими? Адабиётлар-чи? (видео)

Ҳозирда болалар учун  илмий, интеллектуал, психологик, тарбиявий, китоблар, шунингдек, болалар энциклопедиялари, луғат китоблар, туркум эртаклар фойдали ва дунёқарашини кенгайтириши учун асос бўла олади.

Жамият
3 июнь 2023 йил

Биламизки, ёз фаслида болажонлар таътилга чиқишади. Бу давр мобайнида ёзги таътилни мазмунли ўтказиш учун кимдир оромгоҳларга борса, кимдир қўшимча дарслар билан машғул бўлади, яна кимдир китоб мутолаа қилади. Шу ўринда муҳим савол: болаларга таътилда ўқиш учун қандай адабиётлар бор? Бугун бизда болалар адабиётининг имкониятлари қай даражада, болалар қандай турдаги китобларни севиб мутолаа қилишади, уларга қандай китоблар кўпроқ тавсия этилади? 

Биринчи ўринда нашриётларда болалар адабиётига эътибор қай даражада эканлиги ва уларга қандай китоблар тавсия этилишини билиш мақсадида нашриётлар мутахассисларига мурожаат қилдик.

Мутахассисларнинг тавсия беришларича, ҳозирда болалар учун  илмий, интеллектуал, психологик, тарбиявий, китоблар, шунингдек, болалар энциклопедиялари, луғат китоблар, туркум эртаклар фойдали ва дунёқарашини кенгайтириши учун асос бўла олади.

Бундан ташқари, болалар учун китоб фақат мазмуни, мундарижаси билан эмас, қандай безатилгани, дизайни билан ҳам уларга таъсир кўрсатади. Уларнинг диди ривожланишига хизмат қилади. Аммо бир оғриқли масала борки, бу айнан болалар ёзувчиларининг танқислигидир.

Таътилга чиққан болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан ўтказган сўровларимизда билдикки, “Сеҳрли узук”, “Офтобойим”, “Зумрад ва Қиммат”, “Эгривой ва Тўғривой”, “Олтин тарвуз”, “Тарбия” каби китоблар болажонларимизнинг энг севимли адабиётлари бўлиб турибди ва уларни номма-ном хатосиз айтишлари бизни қувонтирди.

Шу ўринда бир маълумот: бутун дунё бўйлаб 177 нафар эксперт ўртасида  ўтказилган сўров натижаларига кўра, барча даврлардаги 100 та энг яхши болалар адабиёти рўйхатида ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст ижодкори Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари дунёдаги энг яхши болалар адабиётининг топ 100 талигига киритилди. Болалар учун ижод қилаётган ёзувчилар учун бу натижа яхшигина илҳом берса ажабмас.

Одинахон Деҳқонова

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+