AҚШ Конгресси тарихий дефолтнинг олдини олди

АҚШда тарихий дефолтнинг олди олинди. Мамлакат Конгресси қарз лимитини кўтаришга рози бўлди. 

Жаҳон
2 июнь 2023 йил
AҚШ Конгресси тарихий дефолтнинг олдини олди

АҚШ 1 июн куни содир бўлиши кутилаётган дефолтдан қутулиб қолди. Республикачилар партияси демократларнинг федерал қарз лимитини кўтариш ҳақидаги талабига рози бўлди. AҚШ Сенати президент Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳани кўриб чиқиб, ҳукуматнинг 31,4 триллион долларлик қарз лимитини олиб ташлайдиган икки партиявий қонунни қабул қилди. Акс ҳолда АҚШ тарихида биринчи марта дефолт юз бериши мумкин эди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, АҚШ Конгрессининг бюджет бошқармаси 1 июндаёқ дефолт юзага келиши мумкинлиги ва мамлакат ўз ташқи федерал қарзлари юзасидан тўловларни амалга ошира олмай қолишидан хавотирга тушган эди.

Дунё иқтисодиёти АҚШ иқтисодиётига бевосита қарамлиги боис, бундай ноаниқлик глобал молиявий хавотирларга ҳам сабаб бўлаётганди. Ниҳоят муаммо ҳал этилди.

Вашингтон АҚШ ҳукумати қарз лимитини 31,4 триллион долларга кўтариш юзасидан республикачилар билан узоқ мунозаралар ўтказди. Президент Жо Байден ва унинг Конгрессдаги демократ сафдошлари қонун билан белгиланган давлат қарзлари лимитини дарҳол, ҳеч бир шартларсиз 31,4 триллион долларга кўтаришни талаб қилишди.

Вакиллар палатасида камроқ таъсирга эга республикачилар эса янги чекловни кейинги харажатлар учун ўрнатишга рози бўлишди. Яъни аввалги харажатларга қўшимча тўловлар ажратишга розилик беришмади. Ҳатто АҚШ молия вазири Жанет Йеллен “дефолт 1 июнда юзага келади”, деб огоҳлантирди. АҚШ ҳукумати ўз қарзларини тўлай олмай қолиши мумкинлиги башорат қилинди.

Ниҳоят ҳукумат ва республикачилар ўртасида келишувга эришилди.

Пайшанба куни AҚШ Сенати президент Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳани кўриб чиқиб, ҳукуматнинг 31,4 триллион долларлик қарз лимитини олиб ташлайдиган икки партиявий қонунни қабул қилди. Қонун қабул қилинмаса АҚШ тарихида биринчи марта дефолт юз бериши мумкин эди.

Президент Жо Байден Конгресснинг ўз вақтида қилган ҳаракатларини олқишлади. "Ушбу икки партиявий келишув бизнинг иқтисодиётимиз ва Aмерика халқи учун катта ютуқ", деди демократ президент ўз баёнотида.

Янги қонунлар қўшимча федерал қарз олишга тақиқни 2025 йилнинг 1 январигача тўхтатиб туради. Aксарият ривожланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, АҚШ қонун чиқарувчи органи ҳар қандай харажатлардан қатъи назар, ҳукумат қарз олиши мумкин бўлган қарз миқдорини чеклай олади.

"Aмерика энди енгил нафас олиши мумкин", деган Сенатдаги кўпчилик депутатлар раҳбари Чак Шумер Сенатдаги чиқишида.

Aмерика Қўшма Штатлари охирги марта 2011 йилда дефолтга яқинлашган эди. Бу қарама-қаршилик молиявий бозорларга зарба бериб, ҳукумат кредит рейтингини биринчи марта пасайтиришига олиб келган ва мамлакатнинг қарз олиш харажатларини оширган эди.

Бу сафар камроқ шов-шув кўтарилди. Чунки ўтган ҳафта президент Байден ва Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти Конгрессдан ўтиш учун етарли икки партиявий ёрдамга эга бўлган келишувга эришишлари аниқ бўлиб қолган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ўз тарихи давомида бирор марта ҳам қарз тўлай олмай қолиш ҳолати - дефолтга учрамаган. 2022 йил 5 октябрда АҚШ ташқи қарзи тарихий чўққисига - 31 триллион долларга чиққан.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+