platina.uz

АҚШ дефолт эҳтимолига икки ҳафта қолди

АҚШ Конгрессининг бюджет бошқармаси огоҳлантиришича, 1 июндаёқ дефолт юзага  мумкин ва мамлакат ўз ташқи федерал қарзлари юзасидан тўловларни амалга ошира олмай қолиш эҳтимоли кучли.

Жаҳон
17 май 2023 йил
АҚШ дефолт эҳтимолига икки ҳафта қолди

Вашингтоннинг АҚШ ҳукумати қарз лимитини 31,4 триллион долларга кўтариш борасидаги мунозаралар ҳамон якунига етгани йўқ. Дунё иқтисодиёти АҚШ иқтисодиётининг жорий ҳолатига бевосита қарамлиги боис, бундай ноаниқлик глобал молиявий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Чунки Конгресснинг янги ва холис ҳисоботида июн ойининг дастлабки икки ҳафтасида тарихий дефолт рўй бериш эҳтимоли мавжудлиги келтирилган. Мазкур ҳисобот молия вазири Жанет Йелленнинг “дефолт 1 июнда юзага келади”, деган огоҳлантиришини ҳам исботлайди.

“Ана шу икки ҳафта ичида АҚШ ҳукумати ўз қарзларини тўлай олмай қолиши мумкин”, дейилади Конгресс ҳисоботида.

Президент Жо Байден ва унинг Конгрессдаги демократ сафдошлари қонун билан белгиланган давлат қарзлари лимитини дарҳол, ҳеч бир шартларсиз 31,4 триллион долларга кўтаришни талаб қилишмоқда.

Вакиллар палатасида камроқ таъсирга эга республикачилар эса янги чекловни кейинги харажатлар учун ўрнатишмоқчи. Яъни аввалги харажатларга қўшимча тўловлар ажратишга розилик беришга шошишмаяпти.

Японияда Катта еттилик давлатлари (G7) молиявий идоралари вакиллари учрашувида Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг баёнот беришича, АҚШ тарихида биринчи бор дефолт рўй бериш эҳтимоли шундоқ ҳам секинлашиш арафасида турган жаҳон иқтисодиёти учун катта ва жиддий муаммолар туғдириши мумкин.

"Дунёдаги энг йирик иқитисодиётдаги фалокат ҳамма учун фалокатга айланади", — деган Малпасс Reuters нашрига берган интервьюсида.

АҚШ президенти Байден эса ана шундай муаммолар фонида 18 май куни Япониянинг Ниигата шаҳрида бошланадиган G7 етакчилари учрашувига йўл олмоқчи. Гарчи у аввалроқ, агар у ва Конгресс ўртасида лимит масаласида келишувга эриша олмаса, бу сафарини бекор қилиши мумкинлигини айтганди.

Байден ҳамда АҚШ Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти (Калифорния штатидан сайланган республикачи) тан олишича, ҳамон бу муаммога ечим топилмаган. Оқ Уй ва Конгресс ўртасидаги музокаралар эса ҳозирча натижа бермаяпти.

АҚШнинг федерал қарз лимити ҳақидаги мунозаралар давом этар экан, Вакиллар палатасининг демократларидан бири Эбигейл Спанбергер қонунчилар диққатини тортиши мумкин бўлган янги ғоя билан чиқди. Демократик партия вакили токи қарз лимити муаммоси ҳал қилинмагунича, АҚШ Конгрессини аъзоларининг маошларини бермай туришни таклиф қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+