Қўқон давлат педагогика институтининг проректори ва яна 4 нафар ходим ишдан олинди
Қўқон давлат педагогика институти талаба қизлари шикоятига кўра ҳолат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан назоратга олинди.
Вазирлик инсон шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, шахсий маълумотларни очиқлашга уриниш каби хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралайди, ушбу ҳолатни талаба-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб баҳолайди. Ҳеч ким инсон эрки ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақи йўқ, деб ҳисоблайди.
Шу боис, бевосита жараёнда иштирок этиб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 4 нафар масъул ходим, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган проректор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва бир нафар мутахассисга интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шу ўринда, воқеа иштирокчиси бўлган қизларнинг тазйиқсиз таълим олишлари кафолатланади.
"Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ишлари давом эттирилаётганини маълум қиламиз", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева Олий таълим фан ва инновациялар вазири билан Қўқон педагогика институтида содир бўлган воқеа ҳамда талаба қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилганди.