Тадбиркордан 100 минг доллар талаб қилган мансабдор қўлга олинди
Прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бухорода 100 минг доллар пора олмоқчи бўлган мансабдор қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум бўлишича, 28 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси, Департамент, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. “I.G.A.S. ” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, “B.A.Y.Q.” МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, унга олдиндан хабар бериш эвазига 100 000 АҚШ доллари пора талаб қилган.
Сўнгра у Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Самарқанд вилоятида ўтказилган тадбирларда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган бир неча мансабдор қўлга олинганди. Улар ичида коммунал ва банк соҳаси вакиллари ҳам бор.