Россия Украинага қарши мисли кўрилмаган ракета ҳужуми уюштирди
Натижада ўнлаб кишилар қурбон бўлди.
![Россия Украинага қарши мисли кўрилмаган ракета ҳужуми уюштирди](https://cp.platina.uz/media/CACHE/images/photo_2023-12-29_17-27-07.59c1fa8825e7.webp)
Бугун, 29 декабр куни Россия Украинанинг кўплаб ҳудудларига ракета ёғдирди. Маълумотларга кўра, жами 100 дан ошиқ катта-кичик ракеталар мамлакат ҳудудига отилган.
Украина Миллий полициясининг хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 13:00 да йирик ракета отишмалари натижасида 18 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани маълум бўлган. Яна 132 киши жароҳатланган.
Aввалроқ мамлакат бош прокурори Aндрей Костин камида 16 киши ҳалок бўлгани ва 97 киши яраланганини маълум қилган. Ярадорлар орасида камида 6 ва 8 ёшли икки бола бор, дея қўшимча қилди у. Унинг сўзларига кўра, қидирув ишлари давом этмоқда.
Асосий зарбалар пойтахт Киев, Одесса, Днепр, Запороже, Лвов каби шаҳарларга берилган.
Вилоят маъмуриятларининг маълумотларига кўра, ўлганларнинг умумий сони аллақачон 20 дан ортиқ. Масалан, Днепрда ҳалок бўлганлар сони олти кишига етди, деди Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга кўра, Россия 158 дан ошиқ ракетани ишга солган.
Россия томони эса ҳар доимгидек ҳарбий инфраструктурага зарба берилаётганини иддао қилмоқда.
Аввалроқ Россия уруш бошидан бери Украинага қанча ракета учиргани маълум қилинган эди.