Тошкентдаги сурат 21 млн. сўмга сотилди
Platina.uz мухбири кўргазмадан фоторепортаж тайёрлади.
Бугун, 27 декабр Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Сен кучлисан” шиори остида онкогемотологик ва онкологик касалликлар билан курашаётган болажонлар томонидан чизилган суратлар намойиши ва ҳайрия марафони ўтказилди. Унда суратлардан бири нақ 21 миллион сўмга сотилди.
Platina.uz мухбири кўргазмада қатнашиб, фоторепортаж тайёрлади.
“Сен кучлисан” лойиҳаси касаллик билан курашаётган болаларга ва уларнинг ота- оналарига моддий ва маънавий ёрдам кўмак бериш, шунингдек, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш орқали ҳаётга бўлган умидни ортириш мақсад қилиб тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу сафарги кўргазма бешинчиси бўлиб, аввалгиларидек болажонларнинг мўйқаламига мансуб суратларни оммага тақдим этиш ва сотишдан тушган пулларни болаларга бериш мақсад қилинган.
Тадбирда роботлар шоуси ва болалар учун концерт дастури ҳам бўлиб ўтди. Тадбирнинг энг асосий қисми бўлган кимошди савдосида ташкилотчилар суратларга аввалги кимошдилардан кўра кўпроқ нархлар қайд қилинганини айтиб ўтди.
Суратлар 200 минг сўмдан бошланиб ўртача 100-200$ ташкил этган бўлса, энг асосий сурат “12 панжа сурати” 21 млн сўмга белгиланди. Асосий лот бўлган “Умид” номли сурат учун 1 млн сўмдан бошланган кимошди савдоси 21 млн сўмда тўхтатилди ва залдаги Бобур Раҳимов исмли йигит ғолиб деб эълон қилинди. Яна бир сирли харидор ҳам ҳаммани ҳайратда қолдирди – у ҳам 21 млн сўм хайрия қилишини билдирди.