Туркиялик шифокорлар бемор болаларни текширувдан ўтказди
"Сен кучлисан" лойиҳасининг навбатдаги хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Турли хайрия тадбирлари орқали кўплаб гематологик касалликка чалинган болажонларни қўллаб-қувватлаб, уларга хурсандчилик улашаётган "Сен кучлисан" лойиҳасининг навбатдаги хайрия тадбири бўлиб ўтди. Бу сафар лойиҳа ташкилотчиларига Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамкорлик қилди.
Бугун Тошкентдаги Болалар Миллий тиббиёт марказида гематологик касалликлар билан касалланган 60 дан ортиқ болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларни кўрикдан ўтказиш учун Туркиядан (Анталиянинг Medical Park шифохонасидан) малакали профессор гематологлар ташриф буюришди.
Профессор, доктор Ведат Уйгун: "Бугун қабулимизда бўлган беморларнинг кўпчилиги даволанишга жиддий киришган ҳасталар. Биз уларга даволанишга жиддий аҳамият беришларини, ўзларини яхши ҳис қилгандан кейин кўрикка келмай қолмасликларини, касаллик кутилмаганда қайтиши мумкинлигини айтдик.Шунинг учун даволаниш тугаса ҳам камида 5 йилгача ора орада доктор қабулида бўлишлари кераклигини тайинладик.Химятерапияни бошидан ўтказган ҳасталаримизга инфекция ёмон таъсир қилади. Шунинг учун улар инфекция қоидаларига амал қилишларини, ҳавоси тоза жойда яшашлари, ҳамма овқатниям емасликлари ёки кўча овқатларини емасликлари керак. Уйга меҳмон қабул қилиш ҳам тўғри бўлмайди".
Лойиҳа асосчиси Маржона Нурмуҳаммедованинг айтишича, Туркиянинг мазкур малакали мутахассислари илк бор Ўзбекистонга лойиҳа ташкилотчилари томонидан олиб келинди. Келгусида ҳам жамоа худди шундай кўрикларни доимий равишда давом эттириш ниятида эканликларини билдирди.