Туркиянинг "қайноқ" Янги йил йўналишлари
Ҳар бир сайёҳ ташриф буюриши керак бўлган уч йўналиш ҳақида гаплашамиз.
Ҳар бир сайёҳнинг ташриф буюриши керак бўлган жойлар рўйхатидаги илк уч йўналиш бўлган Истанбул, Кападокия ва Анталияда янги йилга «марҳабо» дейишга қандай қарайсиз? Янги йил режаларини тузиб бўлмаганлар ёки 2024 йилнинг илк мўъжизавий лаҳзаларини дунёнинг энг бетакрор жойларида бошдан кечиришни хоҳловчилар учун Туркиянинг муҳташам манзилларига яқиндан назар соламиз.
Истанбул ‑ янгича хиссиётлар!
Истанбул ўзининг тарихий диққатга сазовор жойлари, кўп маданиятли тузилишини акс эттирувчи меъморчилиги, жонли маданият ва санъат муҳити, турли лаззатли таомлари ва кенг кўламли харид қилиш имкониятлари билан дунёдаги мутлақо ташриф буюриш керак бўлган шаҳарларидан бири саналади. Шаҳар Тravel + Leisure (Т+L) журналининг “2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та жой” рўйхатига киритилган бўлиб, келгуси йил учун тавсия этилган сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Истанбул ўз меҳмонларига минг йиллик тарихга эга бўлган Тарихий ярим оролдан мафтункор Босфор бўғозигача, мазали турк ва жаҳон таомларидан тортиб, турар жой сифатининг юқори стандартларигача кўплаб шаҳар тажрибаларини тақдим этади. Декабрь ойида ҳам бу шаҳарда қуёшли кунлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Шаҳарнинг гавжум ва жонли кўчаларида, ранг-баранг пештахталар ва қаҳвахоналардан чиқаётган ёқимли ҳидлар орасида адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Кападокия: Эртаклар мамлакатидаги ғор меҳмонхоналари
Туркиянинг ва дунёнинг мўъжизавий манзилларидан бири бўлган Кападокия янги йилни ғайриоддий шаҳарда нишонлашни истаганлар учун энг яхши танловдир. Пери мўриларининг бетакрор шакллари, ўнлаб метрга чўзилган антиқа ер ости шаҳарлари, қояларга ўйилган уйлари, черков ва монастирлари, ҳаво шарларида саёҳат қилишнинг ғайриоддий тажрибаси ва сиз қолишингиз мумкин бўлган муҳташам ғор mehmonxonalari... Туркиянинг машҳур қишки йўналишларидан бири бўлган Кападокия ҳашаматли турар жойларидан тортиб, турк ошхонасининг энг мазали намуналарига қадар барча хизматларни таклиф этади.
Кападокиянинг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳашаматли ғор меҳмонхоналарида кунни тетиклаштирувчи массаж билан бошлашингиз мумкин. Ўз яқинларингиз билан мароқли вақт ўтказишингиз ва ҳаво шарида юқоридан туриб ердаги табиий мўъжизаларни кузатишингиз мумкин.
Анталия: Янги йил Ўрта Ер денгизи қуёши остида
Турк Ривиерасининг юраги бўлган Анталия қуёшли ва юмшоқ Ўрта Ер денгизи қиши туфайли декабрь ойида ҳам иссиқ ҳаводан баҳраманд бўлишингиз мумкин бўлган шаҳардир. Бу нафақат ёзги, балки йил давомида ташриф буюриш мумкин бўлган серқуёш манзилдир. Оилавий ва яккахон дам олиш учун мукаммал танлов бўлган шаҳар Янги йилни илиқ ва қуёшли муҳитда ўтказишни хоҳлайдиганларнинг севимли жойи бўлиб қолмоқда. Узун соҳиллар, қадимий шаҳарлар, кўҳна тарихини акс эттирувчи музейлар ва Ўрта Ер денгизи лаззатлари билан тўла бўлган Анталия, гўзал манзаралар орасида “яхши ҳаёт” завқини туйишингиз мумкин бўлган ноёб манзилдир. Барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхоналарда сиз, махсус байрам кечаси учун уюштирилган қизиқарли тадбирларида қатнашишингиз ва эртаси куни Ўрта Ер денгизи қуёши остидаги бу эртакнамо шаҳарни кашф қилишингиз мумкин.