ҲАМАС Исроилнинг сулҳ таклифига рад жавоби берди
ҲАМАСнинг сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳания Мисрга борган.
Исроил ҲАМАС ҳаракатига ўт очишни тўхтатиш эвазига гаровдаги қолган аёллар ва болаларни озод қилишни таклиф қилди. ҲАМАС бу таклифни рад этди ва аввал сулҳ ўрнатишни, кейин эса гаровга олинганларни қайтариш жараёнини муҳокама қилишни талаб қилган.
Исроил гаровга олинган 40 кишини озод қилиш эвазига урушни бир ҳафтага тўхтатишни таклиф этган, деб ёзади The Wall Street Journal Миср расмийларидаги манбаларига асосланиб.
ҲАМАС қўмондонлиги сулҳ битими кучга киргунга қадар исроиллик гаровга олинганларни қайтариш масаласини муҳокама қилишдан бош тортмоқда. Гуруҳ позициясини ҲАМАСнинг сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳания Миср разведкаси билан суҳбатда тақдим этди. У Қоҳирага ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни кўпайтириш учун келганини айтган.
Исроилнинг таклифи 40 кишини, шу жумладан қолган барча аёллар ва болаларни, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож қарияларни озод қилиш эди. Бунинг эвазига Исроил ер ва ҳаво операцияларини етти кунга тўхтатиб, Ғазога гуманитар ёрдам етказилишига рухсат беришга тайёрлигини айтган.
Ғазо секторида гаровга олинган 108 киши, жумладан, 19 аёл ва икки бола, деб ҳисоблайди Исроил расмийлари.
Эслатиб ўтамиз, томонлар ўртасидаги сўнгги сулҳ 24 ноябр эрталабдан 1 декабр тонгига қадар давом этган. Натижада юздан ортиқ исроиллик Исроил қамоқхоналаридаги 200 га яқин фаластинлик маҳбусларга алмаштирилди. Булар асосан аёллар ва болалар эди.