Сайловлар бўйича янги тизим тасдиқланди

Шавкат Мирзиёев бу бўйича тегишли қонунни имзолади. 

Сиёсат
19 декабрь 2023 йил
Сайловлар бўйича янги тизим тасдиқланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев республикада мажоритар сайлов тизимидан мажоритар-пропорционал сайлов тизимига ўтишни назарда тутувчи конституциявий қонунни имзолади.

Қонун сешанба куни мамлакат парламент нашрларида эълон қилинган ва шу тариқа кучга кирган.

Қонун парламентнинг Қонунчилик (қуйи) палатаси томонидан 31 октябрда қабул қилинган ва 24 ноябрда республика Сенати томонидан маъқулланган.

Жумладан, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:

- Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади;

- Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади;

- Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади;

- Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас; 

- депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади;

- аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.

Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади. 

Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади.

Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра,  Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга (илгари камида 9 нафар эди). 

Ўзбекистонда шу пайтгача мажоритар сайлов тизими қўлланилган бўлиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган ҳисобланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+