Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мансабдори қамоққа олинди
Унга нисбатан қамоққа олиш чорасини кўриш ҳақида бош прокурор ўринбосари илтимоснома киритган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари бир қатор жиноятларда гумонланиб, қамоққа олинди. Platina.uz сайтида суд ажрими келтирилган ҳужжат нусхаси бор.
Ажримга кўра, у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми а банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми а банди билан гумон қилиняпти.
Унга нисбатан қамоққа олиш чорасини кўриш ҳақида бош прокурор ўринбосари илтимоснома киритган.
Дастлабки тергов аниқлаган ҳолатларга кўра, гумондор ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилиб, мансаб сохтакорлигига йўл қўйган. У 2022-2023 йиллар давомида 220 та хўжалик юритувчи субъектларга берилган 98,5 млрд. сўмлик уруғлик ва минерал ўғитлар бўйича ҳосил бўлган асосий қарз 92,6 млрд. сўмлик маблағларни қайтармасдан, аксинча Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари ва бир неча шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктирган.
Улар 2022 йил май-июн ойлари давомида ҳақиқатда 1 кг. учун бозордаги ўртача нархи 6,2 минг сўм бўлган кунгабоқар уруғининг ҳар бир килограммини 59,5 минг сўмдан жами 2 млрд. 677 млн. сўм, бошқа шартнома билан эса ҳар бир килограммини 51,7 минг сўмдан жами 1 млрд. 190 млн. сўмга умумий 65 тонна кунгабоқар уруғини сотиб олиб, давлатнинг шунча миқдордаги маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган жами 13,6 млрд. сўмлик уруғ, минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш маҳсулотларини “Surxon flowers” МЧЖга етказиб бериб, етказиб берилган махсулотлардан 3.3 млрд. сўмини сотиб юбориб, гўёки ушбу маҳсулотлар аномал совуқ оқибатида нобуд бўлганлиги ҳақида сохта далолатнома расмийлаштирган.
Бундан ташқари, яна шу шахслар бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган жами 6,8 млрд. сўмлик уруғ, минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш маҳсулотларини етказиб бериб, етказиб берилган 6,8 млрд. сўмлик махсулотларни сотиб юбориб, гўёки ушбу маҳсулотлар аномал совуқ оқибатида нобуд бўлганлиги ҳақида сохта далолатнома расмийлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам бир қатор жиноятларда гумонланиб, қамоққа олинган эди.