Марказий банк бир тижорат банкига чекловлар киритди, яна тўрттасини огоҳлантирди
Бундан ташқари айримлари жаримага ҳам тортилган.
Марказий банк битта тижорат банкига чекловлар жорий этди ва яна тўрттасини огоҳлантирди.
Бу ҳақда Банк назорати қўмитасининг 2023 йилнинг ноябр ойидаги йиғилишларида қарор қабул қилинган.
Хусусан, Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар ўрнатилди. Марказий банкка ишончли бўлмаган маълумотлар тақдим қилганлиги ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши таъминланмаганлиги учун 4 та банк ва 2 та микромолия ташкилотлари тегишли чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Пруденциал нормативларга риоя қилмаганлиги оқибатида 4 та банкка ва аниқланган қоидабузарликлар учун 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима чоралари қўлланилди.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан ўзининг тизим барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни тузатиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар яратиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.
Аввалроқ Марказий банк 21 банкни жазолагани маълум бўлганди.