Авиаташувлар ҳажми оширилади
Йил бошидан 25 та янги самолёт олиб келиниб, 17 та йўналиш очилганига қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган холос.
Шавкат Мирзиёев транспорт вазирлиги олдига келгуси йилда авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди.
Бунинг учун Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилади, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилади, камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очилади.
Қайд этилишича, транспорт хизматларининг ярми автотранспортга тўғри келади. Бу йил 1,5 мингга яқин автобус олиб келинган бўлса-да, ўсиш 5,5 фоиздан ошмаган.
Транспорт вазирлигига яна камида 1200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариш топширилди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари 2 баробар оширилади.
Авиахизматлар бозорида ҳам рақобат пайдо бўлди, 6 та хусусий компания иш бошлади. Йил бошидан 25 та янги самолёт олиб келинди, 17 та йўналиш очилди. Шунга қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган холос.