Японияда вазирлар ёппасига ишдан бўшаяпти
Япон матбуотида ёритилган порахўрлик можаролари фонида ҳукумат рейтинги кескин пасайди.
Японияда сиёсий можаро туфайли бирданига бир нечта вазир истеъфога чиқди.
Бош вазир Фумио Кисида пайшанба куни ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг энг йирик фракциясидаги ноқонуний маблағ йиғиш ва порахўрлик можароси туфайли вазирлар маҳкамасининг тўрт аъзосини алмаштиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда Kyodo агентлиги.
Ишдан кетганлар қаторидаги ҳукумат бош котиби Хироказу Мацуно марҳум собиқ бош вазир Синдзо Абэ фракциясига мансуб.
Мацунодан ташқари Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ясутоши Нишимура, миллий ишлар ва коммуникациялар вазири Жунжи Сузуки ва қишлоқ ўрмон ва балиқчилик вазири Ичиро Мияшита ҳам ўз лавозимларидан айрилди.
Бундан ташқари Япония Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши раҳбари ва собиқ иқтисодиёт вазири Коичи Хагиуда, Парламент билан ҳамкорлик бўйича қўмита раиси ва собиқ бош вазир Синдзо Абе фраксияси бош котиби Цуеси Такаги ҳам истеъфога чиқди.
Маълумотларга кўра, япон матбуотида ёритилган маблағларни тегишли ҳужжатларсиз ишлатиш ва коррупция билан боғлиқ можаролар ҳукумат рейтингининг кескин тушиб кетишини таъминлаган ва истеъфоларга олиб келган.