Туркия барқарор туризмда ўрнак кўрсатаётгани эътироф этилди
Туркия Миллий Барқарор Туризм Дастури тўртта асосий устуворликка эга: барқарор бошқарув, экологик барқарорлик, маданий барқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик.
Глобал Барқарор Туризм Кенгаши (GSTC) билан ҳукумат даражасидаги шартномани имзолаган дунёдаги биринчи давлат бўлган Туркия, СОP 28 (28-UNССС Томонлар Конференцияси)даги Туркия павильонида туризмга йўналтирилган давра суҳбатини ташкил этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги Туркия музокарасида, мамлакатнинг етакчи Миллий Барқарор Туризм дастурига эътибор қаратилди. Кападокия университети ректори Проф. Др. Ҳасан Али Карасар томонидан ўтказилган суҳбатда Туркия Туризмни тарғиб этиш ва ривожлантириш агентлиги (TGA) бошқарув аъзоси Каан Кашиф Кавалўғли, TGA Бош директор ўринбосари Др. Элиф Балжи Фисуноғлу, GSTC бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Рамкумар (Рам) ва Туркия меҳмонхоначилар федерацияси (Тürofed) президенти Эркан Яғжи иштирок этди.
Музокара давомида, Рамкумар, “Барқарорлик жуда батафсил мавзу ва биз кўплаб мамлакатлар туризм соҳасида ўзларининг йўл харитаси асосларини ҳали ҳам муҳокама қилаётганини кўрмоқдамиз. Бошқа томондан, Туркия аллақачон қонуний асосини тугатган ва ҳозирда барча турар жой объектлари учун мажбурий бўлган дастурини ишга туширди. Дастур юзлаб сертификатланган ва тасдиқланган меҳмонхоналар билан сезиларли натижаларни кўрсата бошлади ва шу тариқа Туркия ҳозирда туризм соҳасида барқарорликнинг глобал намунаси бўлиб келмоқда” деди.
TGA бош директори ўринбосари Др. Элиф Балжи Фисуноғлу Туркия дастурининг қандай тузилгани ва амалга оширилганини тушунтирди. Др. Фисуноғлу, “Барқарорлик ёндашувимиз асослари Маданият ва Туризм Вазирлигининг “Яшил Юлдуз” дастурини бошлаган 2008 йилга бориб тақалади. 2021 йилда Туркия Париж келишувини имзолаганидан сўнг тараққиётимиз жадаллашди ва 2022 йилда GSTC билан ҳамкорлик шартномасини имзоладик. 2023 йил сўнгига яқинлашар эканмиз, Туркияда 1 миллиондан ортиқ меҳмонхона ётоқларининг сертификатланган ва тасдиқланганини ғурур билан айтишимиз мумкин” дея фикр билдирди.
Туркия Миллий Барқарор Туризм Дастури тўртта асосий устуворликка эга: барқарор бошқарув, экологик барқарорлик, маданий барқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик. Бу доирада Туркия 19 та Маданий, 2 та аралаш ЮНEСКО Жаҳон мероси, 82 та ЮНEСКОнинг тахминий рўйхатидаги маданий ва табиий мерос объектлари, 8 та ЮНEСКО ижодкор шаҳарлари ва 25 та номоддий маданий мерос объектлари билан дунёда 2-ўринни эгаллади. Туркияда, шунингдек, Мичелин GUIDEда барқарорликка эътибор қаратувчи яшил юлдузли 5 та ресторан мавжуд бўлиб, бу турк гастрономия экотизимининг ҳам барқарор ёндашувлардан хабардор эканлигини кўрсатади.
Туркия меҳмонхоначилар федерацияси президенти Эркан Яғжи, дастурнинг номоддий фойдалари билан бир қаторда Туркиядаги меҳмонхоналар ҳам сертификат олишининг иқтисодий фойдасини кўра бошлаганини маълум қилди. Яғжи, “Барқарор туризмга аниқ талаб бор ва сертификатланган меҳмонхоналаримиз саёҳатчиларни баҳолаш рўйхатида юқори ўринларга кўтарилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз” деди.
TGA дастури ҳамкори Кападокия университети ректори Проф. Др. Ҳасан Али Карасарнинг айтишича, дастур туризм объектларининг стандартларини янада оширади ва барқарор ва масъулиятли туризм амалиётларини тарғиб қилиш, шунингдек, табиий ва маданий мерос ресурсларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш орқали туризм фаолиятининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.