Тошкент вилоятидаги кўзбўямачиликлар
Кўксарой Қуйи Чирчиқ туманидаги энг чекка ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Президент топшириғига асосан жойларда "Обод маҳалла", "Обод кўча", "Обод хонадон" лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнлар юзасидан Тошкент вилоятига пресс-тур уюштирилди, унда асосий ишлар бажарилмасдан фақат МФЙ биноси таъмирланиб, шу сабаб катта байрам ташкил этилган.
Бу ҳақда "Марказий студия" кўрсатувида ҳикоя қилинади.
Кўксарой Қуйи Чирчиқ туманидаги энг чекка ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу вақтгача бу қишлоқда биронта ҳам ишлаб чиқариш корхонаси бўлмаган. Ҳудудда 100 кишини ишга қабул қилган тўқимачилик корхонаси ва МФЙ биноси очилди.
Матбуот ходимларига тақдим этилган пресс-релизда айтилишича, лой тупроқли кўчаларнинг 2 километрига шағал ётқизилган, 668 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилмоқда.
Аммо бу ишлардан ҳамманинг ҳам кўнгли тўлмаяпти. Қишлоқда яшовчи мактаб ўқувчиларига кўра, улар ўқишга келиб-кетишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Чунки йўллар тўлиқ шағал ёки асфалт қилинмаган.
Бу бўйича MY5 телеканали мухбири туман ҳокимидан интервю олмоқчи бўлди, аммо амалдор буни рад этди. Шундан сўнг Кўксаройдаги ҳақиқий аҳвол билан танишилди. Маҳалланинг ички кўчалари абгор ҳолатда экани аниқланди.
Маҳалладаги битта артезиан қудуғидан минглаб аҳоли фойдаланмоқда, ваҳоланки, дастурда ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам бор. Кўчалар ковланган, аммо иш чала ташлаб кетилган.
Юқорида айтилганидек, маҳаллада катта тантана ташкил этилди, санъаткорлар ва ҳарбийлар ҳам тадбирда қатнашди. Лекин шунча дабдабага кетган маблағга битта ички кўча таъмирланиши мумкин эди, деган фикрни ўртага ташлайди журналист.
