Ўзбекистон бўйлаб "метан заправка"ларига чеклов киритилмоқда
Бир неча кун аввал мамлакатда об-ҳаво кескин совиб кетиши хабар қилинганди.
Об-ҳаво ҳароратининг тушиб кетиши фонида Ўзбекистон бўйлаб "метан заправка"ларига чеклов киритилиши бошланди.
Энг аввал Андижон вилоятидаги шохобчаларда иш вақти 4 декабрдан ҳар кунлик эрталаб соат 06:00 дан - соат 15:00 га қадар белгиланди. Кейинроқ, 5 декабрдан бошлаб пойтахтдаги АГТКШлар эрталаб соат 06:00 дан - соат 15:00 га қадар ишлайдиган бўлди. Қорақалпоғистондаги муассасалар ҳам шу соатлар оралиғида фаолият юритади.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги эса заправкалар 8 декабрдан эрталаб соат 6:00 дан 15:00 гача фаолият юритиши ҳақида хабар берди.
Сурхондарё вилоятида эса заправкалар 7 декабрдан бошлаб, эрталаб соат 8:00 дан 17:00 гача ишлаши белгиланди.
Станциялар фаолияти чекланиши ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши туфайли табиий газ биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилиши билан изоҳланади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совиб кетиши хабар берилганди. 11-12-декабрда кечаси 7-10 даража совуқгача, кундузи 0-3 даражагача пасаяди, шимолда кечаси 12-17 даража совуқ, кундузи 5-10 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.