Бухоронинг тарихий қисмида электроскутер, электросамокатларда ҳаракатланиш чекланади
Чеклов Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб Лаби ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда амал қилади.

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида электроскутер, электросамокат ва бошқа айрим индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланиш чекланади. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинган қарорда (2026 йил 21 сентябр) айтилади. Янги тартиб 2026 йил 1 октябрдан кучга киради.
Чеклов Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб Лаби ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда амал қилади. Мазкур ҳудудда электроскутер ва электросамокатлардан ташқари рикша, мопед, тўрт ғилдиракли велосипед, картинг, шунингдек, от ва туяда ҳаракатланишга ҳам чеклов жорий этилади.
Мазкур ҳудудда йўловчи ташиш талабларига жавоб бермайдиган ва хавф туғдириши мумкин бўлган ҳаракатланиш воситалари сони кескин ошгани қайд этилган. Бу эса сайёҳлар ва экскурсантларнинг хавфсиз ҳаракатланишига хавф туғдираётгани, шунингдек, пиёдаларнинг жароҳатланиши билан боғлиқ ҳолатларга сабаб бўлаётгани таъкидланган.
Масъул ташкилотларга тарихий ҳудудда пиёдалар, туристлар ва экскурсантларнинг хавфсиз ҳаракатланишини устувор таъминлаш, чеклов жорий этиладиган ҳудуднинг кириш ва чиқиш жойларига тегишли ахборот кўрсаткичлари ва йўл белгиларини ўрнатиш топширилган.
Шунингдек, ҳудудда фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахсларни янги тартиб ҳақида олдиндан хабардор қилиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш белгиланган.
Айтилишича, мазкур воситаларда хизмат кўрсатувчи ёки фаолият юритувчи ўзини ўзи банд қилган фуқароларга Янги Ўзбекистон боғи ёки Боқий Бухоро боғи каби махсус ҳудудларда белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш имконияти тушунтирилади.
