"Вагнер" жангчиси Ўзбекистонда қамоққа олиниши мумкин
У Украинанинг Бахмут ва Соледар каби ҳудудларида жанг қилган.
Россиянинг Свердловск вилоятида яшовчи ўзбекистонлик Александр Бабков "Вагнер" ҳарбий ташкилоти жангчиси бўлгани сабаб қамалиши мумкин. У ҳануз Россия фуқаролигини ололмаган.
Январ ойида у Россиядан Ўзбекистонга чиқариб юборилиши мумкин, у ерда Бабков ёлланма фаолияти учун узоқ муддат қамоқ жазоси кутмоқда.
53 ёшли Александр Бабков Ўзбекистон фуқароси бўлсада, кўнгилли сифатида Украина урушига бориб, Соледар ва Бахмут учун жангларда қатнашган. Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган чет элликлар Россия фуқаролигини муаммосиз олишса-да, "Вагнер" жангчиларига нисбатан аниқ кўрсатмалар йўқ.
Ҳозир Александр Свердловск вилоятидаги қариндошлари билан яшайди. Унинг вақтинчалик рўйхатга олиш муддати январ ойида тугайди. Ва у қонунга мувофиқ Ўзбекистонга депортация қилинади.
Бундан ташқари, Александр Россия фуқаролигисиз мавжуд имтиёзлардан фойдалана олмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.