Олтин нархи рекорд миқдорда қимматлади
Ўзбекистон ўн ойда четга 6,87 миллиард долларлик олтин сотган.
Жаҳон бўйлаб олтин нархи бир унция учун 2100 доллардан ошиб, рекорд ўрнатди.
AFP агентлиги малумотларига кўра, савдолар очилишида қимматбаҳо металлнинг нархи 2135,39 долларга етган ва 2020 йилда ўрнатилган аввалги рекорддан ошиб кетган.
Олтин нархининг кескин ошиши Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш фонида кузатилди. Савдогарлар орасида олтин қуймаларига қизиқиш кучайган. AFP олтинни инфляциянинг секинлашишини яна бир омил сифатида тилга олади, бу эса Федерал резерв ставкаларини пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида Ўзбекистон Марказий банки 4 декабр, душанба кунидан бошлаб олтин нархини белгилади.
Айни пайтда 5 граммли олтин қуймаси 4 миллион 240 минг сўмдан сотилмоқда. Бу қимматли металнинг бир грамми 847 920 сўм ёки ўтган жума кунгидан 1,2 фоизга қимматроқ деганидир.
Ўзбекистон жаҳонда етакчи олтин экспорт қилувчи давлатлардан бири саналади. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январ-октябр ойларида Ўзбекистон хорижга 6,87 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Бу кўрсаткич, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 бараварга кўпайган.