Ҳажга борувчилар рўйхати оммага очиқ бўлади

Бу ҳақда президент фармони имзоланди.

Жамият
27 ноябрь 2023 йил
Ҳажга борувчилар рўйхати оммага очиқ бўлади

2023 йил 1 декабрдан бошлаб ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар жойланади.

Бу ҳақда президент фармони имзоланди. Шунингдек, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати қуйидаги маълумотлар билан тўлдирилади:

  • болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;
  • давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат);
  • марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.

Бундан ташқари, қуйидагилар интернет орқали жонли эфирда узатилади:

  • фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);
  • ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, “Темурбеклар мактаблари” ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;
  • олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари: умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш ва чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш.
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+