Президент Сурхондарёга борди
Дастлаб Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрат қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф дастури кенг кўламли. Иқтисодий йўналишда газни қайта ишлаш, гидроэнергетика, чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик лойиҳалари кўздан кечирилади. Ижтимоий соҳаларда ичимлик суви таъминоти, маҳалла тизими, соғлиқни сақлаш, ёшлар масалаларига эътибор қаратилади.
Дастлаб олим Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
Уламолар билан суҳбатда бугун дунёда турли низо ва урушлар бўлаётгани, бегуноҳ инсонлар қони тўкилаётгани афсус билан қайд этилди. Бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик қадрини янада теран англатиб, инсонда шукроналик руҳини уйғотади. Бу неъматлар аҳамиятини, Термизий каби боболаримиз илм-маърифатини ёшларга етказиш муҳимлиги таъкидланди. Шу масалалар бўйича Термизда илмий конференция ўтказиш таклифи билдирилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.