platina.uz

Қашқадарёда аҳоли билан оммавий мулоқот ўтказилди

Суд органларига юздан ошиқ мурожаатлар келиб тушган, 39 киши эса муддатидан аввал жазодан озод этилди. 

Жамият
9 ноябрь 2023 йил
Қашқадарёда аҳоли билан оммавий мулоқот ўтказилди

Республика ишчи гуруҳи бошчилигида Қашқадарё вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий мулоқотлар ўтказилди.

Вилоятнинг Шаҳрисабз, Ғузор туманлари ва Қарши шаҳрида ташкил этилган халқ билан мулоқотларда воҳанинг барча ҳудудлари қамраб олинди.

Хусусан, суд органларига 129 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 74 таси жойида ҳал этилди. Масалан, 39 нафар шахсга нисбатан жазодан шартли озод қилиш билан боғлиқ ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, улар жазо ўташни муддатидан аввал озод қилинди. 20 нафар фуқаронинг фирибгарлик юзасидан қилган мурожаатлари буйича тергов ишлари қўзғатилди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 4 нафар оила яраштирилди.

Бундан ташқари, уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда қарз ундириш билан боғлиқ фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар ҳам кўриб чиқилиб, даъволар қаноатлантирилди. Жумладан, Ғузор туманидаги “Чаноқ” махалласида яшовчи Бахтиёр Тошпўлатовнинг кредит қарздорлигини ундириш бўйича киритган даъво аризаси Ғузор туманлараро иқтисодий суди томонидан адолатли кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Вилоят прокуратура органлари томонидан 97 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, имкон қадар жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди. Мисол учун Китоб туманидаги "Кеш Шохруҳхон сервис кифтиоб” хусусий корхонаси раҳбари Юлдуз Узоқованинг бир йўла иккита муаммосига ечим топилди. Янги цех биносини кадастр рўйхатидан ўтказиш ва табиий газ билан таъминлаш масалалари ҳал қилиб бериладиган бўлди.

Бундан ташқари, оммавий қабул давомида ўз ўзини банд қилиши учун амалий ёрдам сўраган 12 нафар фуқарога бепул равишди тикув машиналари, пайвандлаш ускуналари ва компьютер жамланмалари топширилди.

Ички ишлар органлари қабуллари жараёнида фуқароларнинг 100 дан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотлар жараёнида 50 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ўз ечимини топди.

Қабул жараёнида ИИБ масъуллари томонидан 5 нафар фуқарога даволаниши учун моддий ёрдам ажратилди, 10 нафар шахснинг фуқаролик сўраб қилган мурожаати бўйича расмийлаштириш ишлар бошланди.

Адлия идоралари томонидан ҳам ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилди. Шаҳрисабз туманидаги “Оққўрғон” маҳалласида яшовчи Роҳила Саидова оилавий муаммолари туфайли туғилганлик гувоҳномасини ўз вақтида ололмаганини айтиб вилоят адлия бошқармаси масъулларига мурожаат қилди. Фуқаронинг бир неча йиллик муаммоси шу ернинг ўзида ечим топди.

Шу билан бирга оммавий қабуллар давомида 20 га яқин фуқарога даволаниш учун вилоят ва республика тиббиёт муассасаларига йўлланмалар, 30 дан зиёд фуқарога ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари топширилди. 10 нафар эҳтиёжманд оиланинг уйлари ҳомийлик асосида таьмирлаб бериладиган бўлди.

Қашқадарёда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ўтказилган 3 кунлик оммавий қабуллар давомида жами 492 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 156 таси ижобий ҳал қилинди, 170 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Муддат талаб қиладиган 166 та мурожаат эса назоратга олинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+