Дунё бойлари бир ойда 50 миллиард доллар йўқотди
Жумладан, Илон Маск 35 миллиард доллардан маҳрум бўлди.
Дунёнинг энг бой ўн кишиси ўтган бир ойда қарийб 50 миллиард доллар маблағ йўқотди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Жумладан, дунёнинг энг бой одами, Tesla ва Space X асосчиси Илон Маск 35 миллиард доллар йўқотди, бу унинг бойлигининг 14 фоизини ташкил этади. Бу Tesla акцияларининг 20 фоизга тушиши туфайли содир бўлди.
Ўз навбатида, Франциянинг ҳашаматли товарлар ишлаб чиқарувчиси LVMH (LVMH Moet Hennessy — Louis Vuitton) эгаси, рейтингнинг иккинчи поғонасини эгаллаб турган Бернард Арно октябр ойида бизнес улушининг беш фоизга камайиши туфайли 10 миллиард долларга қашшоқлашди.
Дастурий таъминот бўйича магнат Ларри Эллисоннинг бойлиги ҳам камайди. Oracle корпорацияси яратувчиси энг бой одамлар рейтингида тўртинчи ўринни сақлаб қолган бўлса-да, сўнгги бир ой ичида акцияларнинг уч фоизга камайиши туфайли беш миллиард доллар йўқотди. Ҳозирда Fobes унинг бойлигини 131 миллиард долларга баҳоламоқда.
Айни пайтда, экспертларнинг қайд этишича, Meta асосчиси ва бош директори Марк Цукербергнинг бойлиги қарийб 300 миллион долларга ошган ва 106,9 миллиард долларга баҳоланган. Цукерберг Facebook, Instagram ва Whats Appга эгалик қилувчи Meta Platforms акциялари ўсиши ҳисобига рейтингда саккизинчи ўриндан еттинчи ўринга кўтарилди.