Илон Маск бойлиги ярим триллион долларга етган илк одамга айланди
Тадбиркорнинг маблағлари 2024 йил декабрида 400 млрд доллардан ошганди. Шу тенденция давом этса, у 2033 йилгача илк триллионер бўлиши мумкин.

Илон Маск 500 миллиард доллар бойлиги бўлган дунёдаги биринчи одамга айланди.
Америкалик тадбиркор Илон Маск янги жаҳон рекордини ўрнатди. Forbes Real-Time миллиардерлари маълумотларига кўра, Tesla ва SpaceX асосчисининг бойлиги биринчи марта чоршанба куни (1 октябр) Америка Шарқий вақти билан соат 15:30да 500 миллиард долларга етган.
Ушбу янгилик ортидан, Tesla акциялари қарийб тўрт фоизга ўсди ва бизнесменнинг бойлигига тахминан 9,3 миллиард доллар қўшди.
Маск илк бор 2021 йилда Forbes журналининг дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб, Amazon асосчиси Жефф Безосни ортда қолдирди. Ўша пайтда унинг бойлиги 271,3 миллиард долларга баҳоланган эди. Ўшандан бери миллиардер бир неча бор пастга шўнғиб, кейин яна биринчи ўринни қайтариб олди.
Тадбиркор ўзининг аввалги рекордини 2024 йил декабрида ўрнатиб, 400 миллиард доллар бойлиги билан дунёдаги биринчи одамга айланди. Агар бу тенденция давом этса, Маск 2033 йил мартигача дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин.