Исроилда уруш, юзлаб қурбонлар берилган: сўнгги хабарлар
Тел-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропорти мамлакатни тарк этиш истагидаги одамларга тўлди.
Исроил ва Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 600 кишидан ошиб кетди. Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги 300, Фаластин томони эса 313 нафар кишининг ҳалок бўлганини маълум қилган.
Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси мамлакат “уруш ҳолати”га ўтганини расман эълон қилди. Мамлакатдаги ўқув даргоҳларида таълим жараёнлари тўхтатилди.
Ливанда жойлашган "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи ҳам ҲАМАС билан бирдамлик маъносида Исроил ҳудудларини ўққа тутгани айтилмоқда. Исроил томони гуруҳга жавоб зарбаларини берган.
Шунингдек, Мисрда полиция отган ўқ оқибатида икки исроиллик ҳалок бўлди, ҳозирда полициячи қўлга олинган.
Исроил томонининг иддао қилишича, сўнгги кунларда ҲАМАСнинг 400 дан ошиқ жангариси йўқ қилинди.
Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропорти мамлакатни тарк этиш истагидаги одамларга тўлди: улар ичида турли мамлакатлар фуқаролари бор.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябр куни Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳарбий гуруҳи "Aл-Aқса бўрони" операцияси бошланганини эълон қилди ва Исроил ҳудудига минглаб ракеталар учирди.