Зойир Мирзаев бир куннинг ўзида бюджетдан миллиардлаб пул ажратди
Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова мемориал мажмуасини қуриш учун 2 млрд. сўм берилиши кўзда тутилмоқда.
30 октябр куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг бир нечта фармойиши билан турли мақсадлар учун миллиардлаб маблағлар ажратилди.
Жумладан, вилоят ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати" ДУКка Бўка туманидаги собиқ меҳрибонлик уйи ҳудудидаги ишлар учун 2,8 млрд. сўм, Нурафшон шаҳрида истироҳат боғи ва фаввора учун 1,6 млрд. сўм, Тошкент вилояти "Қон қуйиш" биносини қуриш учун 2 млрд. сўм, Ўрта Чирчиқ туманидаги Халқ қабулхонаси биносини таъмирлаш учун 3 млрд. сўм ажратилиши белгиланган.
Яна бир фармойиш билан Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова мемориал мажмуасини қуриш учун 2 млрд. сўм, Нурафшон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими биноси учун ҳам шунча маблағ берилади.
Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий омборхонани мукаммал таъмирлаш ва бошқа ишлар учун 1,5 млрд. сўм, Чирчиқ ҳарбий округидаги ҳарбийлар зали учун 1,8 млрд. сўм тақдим этилади.
Вилоят ҳокимлиги маъмурий биноси электр жиҳозларини таъмирлаш ва бошқа анжомлар сотиб олиш учун 72 млн. 274 минг ажратилади.
Бундан ташқари, Ангрен шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб учун 878 миллион сўм, Ўртачирчиқдаги 20-сонли мактабга 1,2 млрд. сўм, Паркентдаги касб-ҳунар мактаби реконструкцияси учун 1млрд. 298 миллион сўм берилади.