Кетиш имконияти туғилса, қайси давлатга кетган бўлардингиз?
Platina.uz мазкур савол билан ўзбекистонликларга юзланди.
Инсон доим орзулар билан яшайди. Бу орзулар айни дам ўзи яшаётган муҳити, ўрни, ҳолатидан янаям яхшироғини исташ натижасида пайдо бўлади. Масалан, қайсидир давлатга бориш орзуси, бу кўпчиликни эътиборсиз қолдирмайдиган орзу бўлса керак.
Аввалроқ биз “Чет элга қай мақсадда “суриш” керак: ўқишми, ишми ёки саёҳат?” мавзусида ҳаётининг бир қисмини, ўқишини Туркия билан боғлаган юртдошимиз билан суҳбатлашган эдик. Хўш, бу ҳақида аҳолимиз нима дейди? Platina.uz “Кетиш имконияти туғилса, қайси давлатга кетган бўлардингиз? Нима учун?” саволлари билан ўзбекистонликлардан сўровнома ўтказди.
—Америкага кетган бўлардим. Ҳамма нарса қулай, Ўзбекистондан кўра яхшироқ. Бюджет тарафлама кучли давлат, яхшигина пул топса бўлади.
—Кореяга, ўша ерда ўқимоқчиман.
— Англияга. Ўша давлатга қизиқаман, инглиз тилини ҳам шунинг учун ўрганяпман.
— Япония. Тинч бўлгани учун.
— Кетмас эдим. Шу ер яхши.
Шунингдек, жавоблар ичида Германия, Франсия, Полша, Канада, Россия, Дубай каби давлатлар ҳам бор. Манзиллар турлича. Мақсадлар ҳам.
Сўровномада энг кўп номи жаранглаган давлат бу Америка бўлди. 10 га яқин ўзбекистонлик Америка орзусида. Кимгадир муҳити ёқади, кимгадир шароити, кимгадир таълими. Улар ичида Грин кард лотореясида қатнашганлар ҳам бор. Кейинги сўровномамиз ҳам айнан Грин кард ҳақида бўлади. Хўш, сиз қайси давлатга кетган бўлардингиз?
Одинахон Деҳқонова