Ғазода вазият кескинлашди, Ўзбекистон элчихонаси мурожаат билан чиқди: сўнгги хабарлар
2.2 миллиондан ошиқ киши ташқи дунёдан бутунлай узилган.
27 октябр тунида Исроил армияси Ғазода кескин ҳужумларни бошлади, Ғазо секторида алоқа ва интернет узилди, ҳудуд дунёдан узилиб қолди. Маълумотларга кўра, ҳозирда 2,2 млн.дан ошиқ киши блокадада қолган.
Ғазо сектори аҳолиси Исроилнинг кечаги ҳужумлари сўнгги уч ҳафтадаги энг шиддатли бўлганини даъво қилмоқда, деб ёзади Haaretz нашри.
Aҳолининг сўзларига кўра, Ғазонинг шарқий қисмлари, айниқса шимолий сектори, Жабалия қочқинлар лагеридан Бет Лаҳия ва Бет Ханунгача бўлган қисми доимий равишда ўққа тутилган. Ҳужумлар секторнинг марказий қисмида ва жанубдаги Хон Юнисда ҳам қайд этилган. ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” гуруҳлари Ғазо шимолида исроиллик қўшинлар билан жанг олиб бораётганини маълум қилди.
Aлоқа йўқлиги сабабли ердаги тиббий гуруҳлар билан алоқа узилиб қолгани учун бир кечада содир бўлган зарбаларда қанча одам ҳалок бўлгани номаълум.
БМТ томони тезликда ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияни қабул қилди, Ўзбекистон ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Ўз навбатида Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларидан элчихонага келишни вақтинча тўхтатиб туриш сўралди. Дипломатик миссия “мураккаб вазият вужудга келаётганини эътиборга олиб”, фуқаролардан шахсий хавфсизлик чораларини кўриш, ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликни сўради.