platina.uz

Тезюрар поезд нархлари энди бозорга қараб ўзгариб боради

“Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори имзоланди.

Иқтисод
11 октябрь 2023 йил
Тезюрар поезд нархлари энди бозорга қараб ўзгариб боради

2024 йил 1 январдан юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади ва нархлар бозор тамойиллари асосида тартибга солинади.

“Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида шундай тартиб белгиланди.

Қарорга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 январгача қуйидагилар ташкил этилади:

  • йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича “Темирйўлинфратузилма” АЖ;
  • юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал “эшикдан эшиккача” ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича “Темирйўлкарго” АЖ;
  • юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича “Темирйўлэкспресс” АЖ;
  • “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ;
  • болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси.

Темир йўлда юкларни маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 2024 йил 1 январдан бекор қилинади ҳамда уларни фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек:

  • 2025 йил 1 январдан маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан темир йўл транспортида юк ташиш хизматларига берилган чегирмалар давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади;
  • 2027 йил 1 январгача темир йўл транспорти хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан олиб кириладиган ортиш-тушириш ишлари учун мўлжалланган механизм ва ускуналарга божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади;
  • 2026 йил 1 январгача “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарга ўзаро тўғридан-тўғри шартномалар асосида товарларни сотиш, ижарага бериш, харид қилиш, етказиш, иш (хизмат)ларини бажаришга рухсат берилади.
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+