“Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида янги темир йўл қурилади

Ушбу темир йўл тезюрар поездлар учун мўлжалланади. Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилиш давлат-хусусий шерикликка берилади.

Иқтисод
25 сентябрь, 16:00
“Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида янги темир йўл қурилади

“Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида айтиб ўтди. 

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш учун йиллик эҳтиёж ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига тенг.

Шу маънода, Президент бугунги анжуман “Барча учун барқарор инфратузилма яратиш” мавзусида ўтказилаётгани олқишлади.

Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, катта тажриба орттирилди. Бунинг натижасида ушбу соҳаларга хусусий сектор фаол кириб бормоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилинган.

Хусусан, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади.

Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилиш давлат-хусусий шерикликка берилади.

Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳиссасини юқори баҳолайди.

Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Банк билан 3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда

“Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг топ-10 та ҳамкоридан бирига айланди.

Мисол учун, Банк билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 миллион долларлик лойиҳа қарийб 1,5 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки “Бухоро – Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш имконияти яратилади.

Таъкидлаш керакки, шу кунларда Банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олдик”, - деди Президент.

Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.
 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+