Энергетика бўйича нархлар ошишига замин ҳозирланяпти

Энергетика бозорини ривожлантириш бўйича янги агентлик ташкил этилади. 

Иқтисод
3 октябрь 2023 йил
Энергетика бўйича нархлар ошишига замин ҳозирланяпти

Ўзбекистон тез орада энергетик ресурслар нархи ошиши мумкин. “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-166, 28.09.2023 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра:

- электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи “Ўзэнергосотиш” АЖ ташкил этилади;

- “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ электр энергиясини ташиш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистраль электр энергияси узатиш тизими оператори этиб белгиланади;

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (энергетика бозори регулятори) ташкил этилади.

2024 йил 1 июлдан электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функцияси “Ўзэнергосотиш” АЖ томонидан ва магистраль электр тармоқларини эксплуатация қилиш функцияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан тўлиқ амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари бўйича мажбуриятлари “Ўзэнергосотиш” АЖга тўлиқ ўтказилади.

2025 йил 1 январгача “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари “Ўзэнергосотиш” АЖга қайтадан расмийлаштирилади.

2024 йил 1 февралгача халқаро молия институтларининг техник кўмагида Электр энергияси тарифларини шакллантиришнинг янги услубиёти ишлаб чиқилади.

 2024 йил 1 майгача “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини магистраль электр тармоқлари орқали узатиш, “Ўзэнергосотиш” АЖ учун электр энергиясини сотиш ва харид қилиш тарифларини ҳамда электр энергияси учун келиб тушадиган маблағларни тақсимлашнинг янги тартиби тасдиқланади.

Таъкидлаш жоизки, октбяр ойидан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархларини оширилганди. Аҳоли учун эса нархлар вақтинча ўзгаришсиз қолдирилди. 

Шунингдек, аввалроқ темирйўл чипталари нархи икки баробаргача оширилганди. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+